2023/2024 ўқув йили учун абитуриентларни бакалавриат босқичига онлайн рўйхатга олиш бошланди, деб хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Жараён 20 июнь куни my.uzbmb.uz сайти орқали куннинг иккинчи ярмида бошланади. Жараён 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Айни вақтда 2023/2024 ўқув йили учун мақсадли қабул параметрлари ва қабул параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимотини my.uzbmb.uz сайтига жойлаштириш ишлари якунланмоқда, дейилади хабарда.

Абитуриентлар мазкур сайтнинг «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул» бўлими орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Бунда абитуриентлар фанлар мажмуаси ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига онлайн рўйхатга олиш эса 10 июлгача (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Белгиланган муддат давомида абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини тизимга киритишлари мумкин.

Аввалроқ президент фармойиши билан 2023/2024 ўқув йили учун давлат ОТМларига давлат гранти квоталари тасдиқланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинган. Пандемия туфайли жараён 3 йилдан буён очиқ ҳавода ташкил этилаётганди.