Human Rights Watch ташкилоти нашида ортидан қамалган 20 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан қўзғатилган иш унинг дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини бузишини қайд этди ва Ўзбекистон ҳукуматидан унинг апелляцияси адолатли кўриб чиқилишини таъминлашни сўради.

«Улуғмуродов ва бошқаларнинг «экстремистик материаллар»ни тарқатгани учун қамоққа олиниши, улар бу орқали зўравонликни қўзғагани ёки зўравонликка ундаш ниятида бўлгани тўғрисида ҳеч қандай далил бўлмаса, жиноий репрессиянинг ҳаддан ташқари кўп қўлланиши ҳисобланади. Ҳокимият Улуғмуродовнинг сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиши ва бундай ҳукмларни бекор қилиш чораларини кўриши керак», — дейди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

Баёнотда айтилишича, диний қўшиқ HRW томонидан ўрганиб чиқилган ва ташкилот уни бевосита зўравонликка даъват қилмайди, деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистон ҳукумати экстремизмга қарши курашишга тўлиқ ҳақли, бироқ бу самарали бўлиши учун мамлакат қонунчилигида мустаҳкамланган экстремизм билан боғлиқ қоидаларни қисқартириши керак. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари мусулмонлар ва бошқалар ўз эътиқодларини тинч йўл билан амалга оширгани сабабли қамалмаслиги учун қонунларни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқлаштириш бўйича ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши керак», — деган Мира Ритман.

Эслатиб ўтамиз, YouTube`даги нашидани Telegram гуруҳга юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 3 йилга қамалгани ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинчалик Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси «тергов идоралари унинг ҳаракатларини тўғри малакалаган», дея хабар берди. Шунингдек, йигитнинг онаси Гулчеҳра Умарова ўғли билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Олий судга видеомурожаат йўллади.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда унинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз» номли жиҳод ва ҳижратга даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган Alhamdulillah номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабабли йигитга тегишли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган. Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий)га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.