Дания ва Литванинг Ўзбекистонга тайинланган янги элчилари мамлакат ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда вазир ўз Telegram каналида маълум қилди.

Хусусан, «Литванинг Ўзбекистондаги янги элчиси Эгидиюс Навикас жаноблари билан учрашишдан ва унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз. Икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорлигимизнинг асосий устувор йўналишларини муҳокама қилдик, яқин истиқболдаги умумий кун тартибимизни кўриб чиқдик. Жаноб Элчига кенгайиб бораётган муносабатларимизнинг ҳали кашф этилмаган имкониятларини рўёбга чиқаришда муваффақиятлар тилаймиз», — деб ёзди Саидов.

Эгидиюс Навикас ва Бахтиёр Саидов. Фото: Telegram / Бахтиёр СаидовЭгидиюс Навикас ва Бахтиёр Саидов. Фото: Telegram / Бахтиёр Саидов

Эгидиюс Навикас 2023—2024 йилларда Ўзбекистонда дипломатик миссия раҳбари сифатида аккредитациядан ўтган элчи Гинтаутас Васюлис ўрнига тайинланди.

Шунингдек, Бахтиёр Саидов Даниянинг Ўзбекистондаги элчиси Якоб Хеннингсенни қабул қилганини маълум қилди.

«Учрашувимиз давомида икки томонлама муносабатларининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдик ва келгуси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдик. Жаноб элчига алоқаларимизни мустаҳкамлашдаги мақсадларига эришишда муваффақиятлар тилаймиз», — деб ёзди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Якоб Хеннингсен ва Бахтиёр Саидов. Фото: Telegram / Бахтиёр Саидов. Якоб Хеннингсен ва Бахтиёр Саидов. Фото: Telegram / Бахтиёр Саидов.