Тошкент шаҳрида Telegram мессенжерида YouTube`дан нашида линкини юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов суд ҳукми билан 3 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда Жаҳонгир Улуғмуродовнинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз» номли «жиҳод» ва «ҳижрат»га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган «Alhamdulillah» номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабаб Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х русумли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг ИР-1719-сонли хулосасида тақдим этилган материалда ақидапарастлик ғоялари борлиги, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани қайд этилган.

Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий) га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Суднинг ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, тарафлар унинг устидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ юқори турувчи судга апелляция шикояти беришга ёки протест келтиришга ҳақлидир», — дейилади Олий суд хабарида.

Kun.uz`нинг маълум қилишича, унинг яқинлари суд ҳукмидан норози эканлигини билдириб, апелляция шикояти беришларини маълум қилган.