Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2024 йилнинг апрель ойи учун Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижараси бўйича таклиф этилган нархлар таҳлилини эълон қилди. Унга кўра, пойтахтда ижара нархлари пасайишда давом этмоқда.

ижара нархлари, макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, тошкент, уй-жой ижараси

Апрелда пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ижара нархлари март ойидагига нисбатан ўртача 0,9 фоизга, тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса ўртача 1,12 фоизга пасайган.

Ўртача таъмирланган уй-жой ижараси

2024 йилнинг апрель ойида ўртача таъмирланган 1 хонали турар жой учун таклиф этилган ижара нархлари март ойидагига нисбатан ўртача 1,4 фоизга пасайиб, 386 долларни ташкил этган бўлса, 2 хонали хонадонлар учун ижара нархлари 0,4 фоизга пасайган ва 434 долларгача тушган. Шунингдек, ўртача таъмирланган 3 ва 4 хонали турар жойлар учун ижара нархлари мос равишда 1,3 фоиз ва 0,6 фоизга пасайган ва ўртача нархлар 507 ва 587 долларни ташкил этган.

Ўртача таъмирланган уй-жой учун нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали — 350 доллар, 2 хонали — 384 доллар, 3 хонали — 429 доллар, 4 хонали — 441 доллар), Олмазор (1 хонали — 361 доллар, 2 хонали — 408 доллар, 3 хонали — 449 доллар, 4 хонали — 477 доллар) туманларида таклиф этилган.

Энг қиммат ижара нархлари эса Шайхонтоҳур (1 хонали — 412 доллар, 2 хонали — 449 доллар, 3 хонали — 524 доллар, 4 хонали — 627 доллар) ва Миробод (1 хонали — 457 доллар, 2 хонали — 518 доллар, 3 хонали — 612 доллар, 4 хонали — 798 доллар) туманларида кузатилган.

Тўлиқ таъмирланган уй-жой ижараси

Апрель ойида тўлиқ таъмирланган 1 хонали турар жойлар учун ўртача ижара нархи 467 долларни ташкил этиб, март ойидагига нисбатан 0,8 фоиз тушган, 2 хонали турар жойлар учун ушбу кўрсаткичлар мос равишда 631 долларни ва 2,1 фоизни ташкил этган. Шунингдек, 3 хонали турар жойлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархларида (784 доллар) ҳам бироз (0,4 фоиз) пасайиш кузатилган. Шунингдек, тўлиқ таъмирланган 4 хонали турар жойлар ўртача ижара нархлари ҳам 1,1 фоиз тушиб, 901 долларгача пасайган.

Тўлиқ таъмирланган турар жойлар учун энг арзон ижара нархлари Учтепа (1 хонали — 392 доллар, 2 хонали — 484 доллар, 3 хонали — 619 доллар, 4 хонали — 736 доллар) ва Чилонзор (1 хонали — 413 доллар, 2 хонали — 512 доллар, 3 хонали — 652 доллар, 4 хонали — 774 доллар) туманларида бўлиб турибди.

Энг қиммат ижара нархлари эса Шайхонтоҳур (1 хонали — 557 доллар, 2 хонали — 846 доллар, 3 хонали — 1069 доллар, 4 хонали — 1068 доллар) ва Миробод (1 хонали — 541 доллар, 2 хонали — 839 доллар, 3 хонали — 1028 доллар, 4 хонали — 1093 доллар) туманларида кузатилган.

Ижара нархлари тўғрисидаги маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) усулида тўпланган. Бунда 2024 йилнинг март ойи учун 52.2 мингта ва апрель ойи учун 86 мингта маълумотдан фойдаланилган. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастки 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташлангандан кейин амалга оширилган.

Март ойида ўртача таъмирланган хонадонлар ижара нархида февралга нисбатан 0,61 фоиз, тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижара нархида эса 0,76 фоиз тушиш кузатилганди.