Тошкентда Telegram мессенжерида YouTube`дан нашида ҳаволасини юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов суд ҳукми билан 3 йилга қамалди.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда Жаҳонгир Улуғмуродовнинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз» номли «жиҳод» ва «ҳижрат»га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган «Alhamdulillah» номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабаб Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х русумли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган. Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий) га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Суднинг ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, тарафлар унинг устидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ юқори турувчи судга апелляция шикояти беришга ёки протест келтиришга ҳақлидир», — дейилади Олий суд хабарида.

21 яшар талабанинг 3 йилга қамалиши ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Тармоқ фаоли, блогер Муҳаммад Темур Аъзам Facebook`даги саҳифасига Жаҳонгир Улуғмуродовнинг яқинлари акс этган қуйидаги суратни жойлаб, шундай фикрларни ёзиб қолдирган:

жаҳонгир улуғмуродов, нашида, олий суд

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Telegramда синфдошлар гуруҳига нашид юборгани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгирнинг ота-онаси. Айниқса, онаизорга қаранг. 19 ёшли ўғлининг бунчалик қаттиқ жазоланиши уни қанчалар эзиб қўйди. Яхшиликлардан умидимиз бор эди. Аммо ортга чекиниш йўқ, иншоллоҳ. Қўлимиздан келган барча сабабларни қиламиз. Робимизнинг марҳамати кенг, барчаси Ўзига осон», — дейди Муҳаммад Темур Аъзам.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов ўсмир йигитнинг қамалгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, «томоғидан овқат ўтмагани»ни қайд этган.

«Айни янги Конституциямизда гумонлар айбланувчи фойдасига талқин қилинади, дейилмаганми?! Ёшлик айни хатолар, адашишлар палласи. Афтидан аён, одобли, ақлли йигит, наҳотки, бир хатоси учун уни шунчалик оғир жазолаш тўғри бўлса? Ёш умрини хазон қилиб, ёруғ дарсхоналарда илм олиб, мутахассис бўлиб, ватанига унумли хизмат қилиш ўрнига, у зах ҳибсхоналарда кунлар эмас, йиллар ўтказса?! Аминманки, шу йигит билан яхши тушунтириш ўтказиб, ота-онаси олдида қаттиқ огоҳлантирилса, бир умрга етиб- ортарди, дўстларига ҳатто „Ну, погоди!..“ мултфильмини ҳам бошқа юбормайдиган бўлар эди», деб ёзади тадбиркор.

Унинг таъкидлашича, жазонинг ўзи ўта радикал. «Суд — адлия тизимимиз бу ҳукмни яна бир бор адолат, инсонпарварлик ва гуманизм асноларига асосланиб, қайта кўриб чиқади, деган умиддаман. Бу йигитга ёки унинг оиласига ҳеч қандай алоқам йўқ. Шу сийратини кўриб, мақолани ўқиб, эзилдим», — деб ёзган Зафар Ҳошимов.

Журналист ва блогер Сардор Салим ҳам мазкур ҳолатга шундай муносабат билдирган.

«Ўзбекистонда шаклланган адолатсиз тизимнинг рамзи: миллатдан миллионлаб доллар ўмарган ёки етимларни зўрлаган амалдорлар шартли жазоланаётган бир пайтда, оддий диний қўшиқ деб 3 йилга қамалиб кетган талабанинг ота-онасининг ҳолати», — деб ёзган у.

Блогер Усмон Алиев вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлар енгил жазо олаётгани, талабага эса қамоқ жазо берилганини адолатсизлик, дея қайд этган.

«Сиз кўриб турган йигитни, биргина нашида юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилишди. Ўзбек қизларини зўрлаб, уларни номусига тегиб келаётган ифлосларни эса, ишидан бўшатди, жа бўлмаса уй қамоғи. Бу ҳукумат ўйламасин биз унутиб юборамиз деб. Ҳали ҳаммасини бадали албатта бўлади. Бу дунёнинг ўзида хор бўласан, бутун дунёга шармандалар», — деб ёзган у.

Facebook фаоли Жамолиддин Муҳаммаджоннинг ёзишича, Жаҳонгирга ўхшаб нашид, маъруза баҳонасида қамалган ва қамалаётган йигит-қизлар жуда кўп.

«Ижтимоий хавфи бўлмаган қўшиқнинг маъносини билмай дўстларига юборган, дўстлари эса қўшиқни ҳатто очиб эшитиб ҳам кўрмаган. Янгийўл туманидан Тошкентга қатнаб, ҳам ўқиб, ҳам ишлаган, оиласига ёрдам берган, ўқишда ҳам, ишда ҳам ота-онасига фақат раҳмат эшиттирган. Бу йигитга 5 йил сўраган прокурорга ҳам, илтифот қилиб 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиб, буни миннат қилган судяга ҳам Аллоҳ таолонинг шиддатли азобини тилайман. Боласидан қайтсин», дея фикр билдирган.

Суд жараёнини кузатган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг айтишича, суд мажлиси мутлақ адолатсиз ўтган.

«ИИБ ходимлари унга нисбатан Жиноят Кодексининг 244¹-моддаси, 3-қисми, «г»қисми (охирги вақтларда ИИБ учун бу модда навбатчи моддага айланиб қолди) билан айблов эълон қилган, суд эса бу айбловни деярли ўзгаришсиз тасдиқлаб юборди. Судлар қачон адолат билан ҳукм қилса, кейин одамларни уларга ишончи қайтади. Бугунги суд мажлиси мутлақ адолатсиз ўтди, деб ҳисоблайман. Қонунда ҳам судлар айнан адолат ва қонунга асосланиб ҳукм чиқаришлари кераклиги кўрсатилган. Лекин ҳозирда жуда кўп судьяларимиз адолат билан қарор чиқаришмаяпти», — деб ёзган блогер.

Кейинроқ мазкур ҳолатга Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари, сенатор Алишер Саъдуллаев ҳам фикр билдириб, Жаҳонгир Улуғмуродовга яна бир имконият бериш кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Ҳар сафар бирор ҳолатга алоҳида ёндашиб шуғуллансак „шахс аралашуви билан ҳал бўлди“ деган жуда кўп салбий изоҳлар ўқийман. Бу вазиятда энг тўғри йўл — Суд ишига аралашмай, ҳолис ечим кутиш. Шахсан, Жаҳонгирга яна бир имконият берилиши керак деб ўйлайман», — деб ёзди у ўзининг Facebook-саҳифасида.

Kun.uz`нинг маълум қилишича, унинг яқинлари суд ҳукмидан норози эканлигини билдириб, апелляция шикояти беришларини маълум қилган.

Аввалроқ, диний қўшиқ — нашида учун 5 йилга қамалган тошкентлик 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқулов озодликка чиққани, Тошкент суди ҳукмни шартли жазога алмаштиргани ҳақида хабар берилган эди.