Тошкент шаҳридаги қатор чорраҳалар ҳамда кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ишларнинг асосий қисми май ойидан сентябргача — мактаблар ва олий ўқув юртларида таътил кунларида амалга оширилади. Таъмирлаш асосан тунги вақтда — 22:00 дан 06:00 гача бажарилади. Иш биринчи марта кенг кўламда, янги қоплама (ШМА) турларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, ерости коммуникациялари ҳам текширилади, дейилади хабарда.

Ишлар бажарилиши кўзда тутилган чорраҳалар ва кўчалар рўйхати:

Кўчалар:

  • Бобур
  • Фурқат
  • Лутфий
  • Шота Руставели
  • Бешқайрағоч
  • Феруза
  • Юзработ
  • Сақчимон
  • Лайлитўғон
  • Зарқайнар
  • КҲАЙ
  • Осиё
  • Қорасарой
  • Сағбон
  • Шаҳрисабз
  • Паркент
  • Паҳлавон Маҳмуд кўчасидан Чкалов кўчасигача.

Чорраҳалар:

  • Бунёдкор шоҳкўчаси — Қатортол-2
  • Шота Руставели — Чўпонота
  • Шота Руставели — Бобур
  • Чўпонота — Боғибўстон
  • Чўпонота — Саъдий Сирожиддинов
  • Чўпонота — Арнасой
  • Чўпонота — Чилонзор
  • Чўпонота — Қатортол
  • Амир Темур — Осиё
  • Амир Темур — Боғишамол
  • Амир Темур — Ифтихор
  • Амир Темур — Шаҳристон
  • Мирзо Улуғбек — Паркент
  • Мирзо Улуғбек — Махтумқули
  • Муқимий — Қатортол
  • Муқимий — Чилонзор
  • Муқимий — Арнасой
  • Муқимий — Шоҳжаҳон
  • Махтумқули — КҲАЙ
  • Махтумқули — Содиқ Азимов
  • Махтумқули — Яҳё Ғуломов
  • Махтумқули — Шаҳрисабз
  • Нурафшон — Сағбон
  • Нурафшон — Фаробий
  • Нурафшон — Беруний
  • Нурафшон — Қорасарой
  • КҲАЙ — Сарикўл
  • Янги Сергели — Чоштепа
  • Сағбон — Фаробий — Сақчимон
  • Гавҳар — Думбиробод
  • Мўминов — Дўрмон йўли
  • Шифокорлар — Фаробий.

«Иш жараёнида ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ноқулайликлар туғилиши муқаррар. Биз олдиндан узр сўраймиз ва вазиятни тушунишингизни сўраймиз, чунки бу қисқа муддатли қийинчиликлар узоқ муддатли қулайлик учун хизмат қилади», — дейди ҳокимлик.

Пойтахтдаги пиёдалар ва ҳайдовчилар бу ишларнинг оғирлигини ҳис қилмасликлари учун барча имкониятлар ишга солиниши таъкидланди.

Аввалроқ шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳозирги кунда тирбандлик ҳосил бўлишига катта таъсир қилаётган нарса — чорраҳалар эканини айтганди. Ўқувчилар таътилга чиққанида 30 та энг катта тирбандликни келтириб чиқараётган чорраҳалар тўғриланишини таъкидлаганди.

«Бизнинг биринчи мақсадимиз, тирбандликни яна ҳам кучайтириб юбормаслик учун мактаб ва боғчалардаги ўқувчилар таътилга чиққанида 30 та энг катта тирбандликни келтириб чиқараётган чорраҳаларни тўғрилаймиз. Бу биринчи босқичда қилинади ва анча тирбандлик [муаммосини] ечади. Шу билан биз кузга кириб борамиз, кейин яна тайёрланамиз. Буни орасида автотураргоҳлар ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади», — деган эди ҳоким.