YouTube`даги нашидани Telegram гуруҳга юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 3 йилга қамалгани ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси «тергов идоралари унинг ҳаракатларини тўғри малакалаган», дея хабар берди.

Расмий муносабатда «танишларига оддий диний қўшиқ — нашида тарқатган талаба қамалди» мазмунидаги изоҳлар нохолис дея баҳоланди.

«Ҳозирда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан У.Ж. Telegram гуруҳга гўёки YouTube платформасидаги оддий диний қўшиқ ҳаволасини тарқатгани учун ёки диний нашида эшитгани учун жавобгарликка тортилгани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. У.Ж. шаҳид бўлишга (жанг майдонларида худкушлик содир қилиш, ўзини ўзи ўлдириш) даъват этувчи ўзбек тилидаги „Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз“ номли диний қўшиқ ва бошқа бир қатор диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ушбу ғояларни танишларига ҳам етказиш мақсадида Telegram орқали тарқатган. Бундай ҳаракат Ўзбекистон ҳудудида жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, тергов идоралари томонидан У.Ж.нинг ҳаракатлари тўғри малакаланган», дейилади хабарда.

ИИББ берган маълумотга кўра, унинг тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётгани ҳақидаги маълумотлар 2022 йилнинг октябрь ойида олинган. Бироқ бошқарма хабарида ўша маълумот қаердан ёки ким томонидан олингани очиқланмаган.

Бундан ташқари, куни кеча тармоқларда фуқаронинг онасининг ҳам воқеа бўйича расмий вакилларга йўллаган мурожаати тарқалди.

«Куз ойларининг ўрталарида икки одам келиб, мендан «Жаҳонгир сизнинг ўғлингизми», дея сўради. Ҳа, дедим. Улар ўзларини таништириб, дачада ўғрилик бўлгани, ўғлим ўша ерда бўлганини айтишди. Мен унинг ўғрилик қиладиган бола эмаслигини айтдим. Улар эса «ўша ерда бўлганлар Жаҳон-Жаҳон деб бақиришган. Маҳалладаги ҳамма Жаҳонгирларни териб кетяпман», — деб айтди. Ўғлимга телефон қилдим…

«Кечқурун соат 12 ларга яқин ўғлимнинг ўртоғининг ота-онаси уйга келиб жанжал қилишди. Улар нашида деб такрорлашарди. Мен унинг нима эканини ҳам билмагандим. Ўзимнинг умуман диндан хабарим йўқ. Жаҳонгир бир соатларда келди, ундан сўраганимда у ҳам бунинг нима эканини билмайман, қўшиқ деб юргандим, деди. Оиламизда ҳам, уруғ-аймоғимизда ҳам олий маълумотли одам йўқ. Болаларим ўқиса, бизни камбағалликдан олиб чиқиб кетади, деб ҳаракат қилганман. Бизга институтларга кириш насиб қилмаган…

Февраль ойининг 24-санасида ишхонада эдим. Ишдан келдим, тушда ўғлимни олиб кетган болалар телефон қилди-да, ўғлингизга тушолмаяпмиз, деб унинг кераклигини айтишди. Жаҳонгирнинг телефонини олиб қўйган экансизлар, унга қандай қилиб тушасизлар, деб айтди ўғлимнинг отаси. Дадаси унинг ишхонасининг рақамини берди. Ишхонага телефон бўлгач, Жаҳонгир у ерга борган. Кечқурун 11:30 атрофида телефон бўлди. Ўғлим уни 48 соат ушлаб туришларини, ундан хавотир олмаслик кераклигини айтди. Эртаси куни давлат адвокати телефон қилиб, ўғли учун уни тайинлашганини айтди. Ўша кундан кейин ўғлимни қайтиб кўрмадим…

Тергов пайти 2 марта бориб кўрдим уни. Шундан сўнг суд вақти кўрдим. Ўзимиз адвокат ёллашга қурбимиз етмади. Давлат адвокати менга «Болангизни олиб чиқиб беролмайман, лекин йилини камайтириб бероламан» деди. Суд куни ҳам шу гапни қайтарди", — дея таъкидлаган она.

Шунингдек, у нега бундай тақиқлар ҳақида телеканалларда, ОАВда айтилмаслиги ҳақида сўраган. «Рекламалар орасида шу нарса мумкинмаслигини нега айтишмайди? Болам унинг нашида эканини қаердан билсин?» — дейди аёл.

«Тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланишича, мазкур шахс Сурияда фаолият олиб бораётган „Тавҳид ва жиҳод катибаси“ халқаро террористик ташкилоти жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган. У халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали „жиҳод“ ва „шаҳидликка чорлов“ маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган», — дейилади ИИББ хабарда.

У тарқатган материаллар орасида «Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз» номлиси ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида «мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан, уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани» мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган, дея қўшимча қилинади хабарда.

ИИББ шунингдек, фуқаронинг жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда унга енгилроқ жазо тайинлагани, қонунчиликда мазкур жиноят учун аслида 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилганини келтириб ўтди.