Ўзбекистонда июнь ойи меъёрдан 2−3 даража иссиқроқ бўлади

2015 йилдан буён Ўзбекистонда ёзги ҳаво ҳарорати меъёрдан юқори бўлиб келмоқда. Ўзгидромет прогнозига кўра, бу йилги июнь ойида ҳарорат меъёрдан 2−3 даража иссиқ бўлади. Айрим кунларда ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, лекин ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Тошкентда жамоат транспортида йўлкира нархи август ойигача ошмайдиган бўлди

Май ойи охирида Тошкент жамоат транспорти учун мослашувчан тарифлар жорий этилиши керак эди. Бироқ, шаҳар кенгаши «тарифларнинг ошишига қатъиян қарши» чиқди. Депутатлар ўзгаришларни 1 августга қолдирди. «Газета.uz» янги тизимга ўтиш нега зарурлигини тушунтиради.

Жазирама кунларда Тошкент метросининг ерусти участкаларида ҳаракат тезлиги пасаяди

Ҳаво исиши сабабли ерусти темирйўлларининг рельс ва пўлат қисмларида ҳарорат юқорилаши мумкин. Бундай кунларда Тошкент метрополитенининг ерусти йўналишларида ҳаракат тезлиги пасайтирилади. Рельслар ҳарорати +60 даража бўлганда, тезлик 40 км/соатдан, +65 даражада 25 км/соатдан ошмайди.

Шавкат Мирзиёев «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммитида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммитида иштирок этади. Саммит 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлади.

Воҳид Ҳамидов Таълимни ривожлантириш республика маркази директори бўлди

Воҳид Ҳамидов яқинда ташкил этилган Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори бўлди. Илгари у АОКАнинг Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими ва Avtotest Mirobod компаниясига раҳбарлик қилган. У Novda Edutainment раҳбари сифатида ҳам қайд этилган.

Май ойида инфляция 0,5 фоизни ташкил этди

Ўзбекистонда май ойида инфляция 0,5 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция 10,4 фоизгача пасайди. Озиқ-овқатлар, ноозиқ-овқатлар ва хизматлар бир хилда — 0,5 фоизга қимматлашди.

Томорқасида банд бўлганларга ҳам меҳнат стажи ҳисобланиши мумкин

Сенат томонидан маъқулланган қонунга кўра, энди шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ер участка эгаси ёки унинг оила аъзоларига меҳнат стажи ҳисобланади. Бунинг учун улар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида солиқ тўлаб борилади.

Сенат «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Эндиликда ушбу муносабатларни тартибга солиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли орган бўлиб, соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиради ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда судга даъво киритади.

Нодирбек Абдусатторов Norway Chess`нинг иккинчи турида ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича Норвегия турнирининг иккинчи турида Арян Тарини мағлуб этиб, турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди.

Ўзбекистонда 17 ой давомида 429,3 млрд сўмлик давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви аниқланган

Антикоррупция агентлиги томонидан 2021 йил ва 2022 йилнинг 5 ойи давомида 429,3 млрд сўмлик 5805 та давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Метро вагонида қизга шаҳвоний шилқимлик қилган икки блогер 5 суткага қамалди

Метро вагонида тутқични ушлаб турган қизга шилқимлик қилиб, «пранк» видео олган икки блогернинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Уйда кир ювиш машиналарининг бўлиши иқтисодий фаол аёллар сонини оширади — МҲТИ таҳлили

МҲТИ тадқиқотига кўра, уйда кир ювиш машиналарининг бўлиши иқтисодий фаол аёллар сонини оширади. Экспертлар қурилма сув ва энергия сарфини камайтириш билан бирга, аёлларга ҳафтасига 4 соат вақтини тежаш имконини беришини, бу вақтни улар фарзандлари учун сарфлаши мумкинлигини билдирди.

Ўзбекистонда қанча ногиронлиги бўлган шахслар яшайди?

Жаҳон банкига кўра, 2022 йилда аҳолининг 2,3 фоизи ёки 845,3 минг киши ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган. 60 ёшдан катталарнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум шаклига эга. Бундай шахслар турли соҳаларда қийинчиликларга учрамоқда, ҳукумат эса вазиятни яхшилашга уриняпти, дейилади тадқиқотда.

«UNG Petro» «заправка»лар тармоғини хусусийлаштириш бошланди

«Ўзбекнефтгаз»га қарашли «UNG Petro» МЖЧнинг 100 фоизлик давлат улушини хусусийлаштириш жараёнлари бошланди. Давактив агентлиги мамлакатдаги энг йирик «заправка»лар тармоғини хусусийлаштиришга консультант жалб этиш юзасидан танлов эълон қилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Чегарадаги денгиз

Беруний яшаган даврларда унинг номи «Қиз денгизи» эди. Денгиздан кам жойи йўқ — узунлиги 100−120 (тахминан Тошкентдан Гулистонгача бўлган масофа), эни 30−40 км атрофида, бу қирғоғидан наригиси кўринмайди. Асрлар бўйи неча бор қуриб, сўнг яна сувга тўлган бу жой ҳозир шундай аталади — Сариқамиш.