Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Чегарадаги денгиз
Ҳудуди салкам Андижон вилоятидек келадиган Сариқамиш кўлидан фоторепортаж
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Чегарадаги денгиз
Ҳудуди салкам Андижон вилоятидек келадиган Сариқамиш кўлидан фоторепортаж
Беруний яшаган даврларда унинг номи “Қиз денгизи” эди. Денгиздан кам жойи йўқ – узунлиги 100-120 (тахминан Тошкентдан Гулистонгача бўлган масофа), эни 30-40 км атрофида, бу қирғоғидан наригиси кўринмайди. Асрлар бўйи неча бор қуриб, сўнг яна сувга тўлган бу жой ҳозир шундай аталади – Сариқамиш.
Беруний яшаган даврларда унинг номи “Қиз денгизи” эди. Денгиздан кам жойи йўқ – узунлиги 100-120 (тахминан Тошкентдан Гулистонгача бўлган масофа), эни 30-40 км атрофида, бу қирғоғидан наригиси кўринмайди. Асрлар бўйи неча бор қуриб, сўнг яна сувга тўлган бу жой ҳозир шундай аталади – Сариқамиш.
Ҳозир суви Орол денгизига ҳам етиб бормаётган Амударё бир замонлар Сариқамиш ботиғини ҳам сув билан тўлдириб турган. Унинг сувга тўлиб кўлга айланиши ҳам, сўнг қуриб қолиши ҳам айнан дарёга боғлиқ эди. Аму сувлари Сариқамишга сўнгги бор 1878 йилги тошқинлар вақти қуйилган. Шундан сўнг вазият ўзгарган.

1971 йили Туркманистондаги Дарёлик коллекторининг ёрилиб, тошқин юз бериши оқибатида ботиқ яна сувга тўлиб, ҳозирги кўринишдаги кўл юзага кела бошлаган. Айнан шу даврларда сув ҳавзаси асосан далаларни суғоришда фойдаланилган сувларни ташлаш ва коллекторлардан келаётган сув сабаб тўлади.

1977 йили кўл юзасининг майдони 1500 квадрат километрни ташкил этган бўлса, 1985 йили бу кўрсаткич 3200, 2006 йили эса салкам 4 минг квадрат километрга етган – бу қарийб Андижон ёки Сирдарё вилоятлари майдонига тенг ҳудуд, дегани. Шунинг тўртдан бири Ўзбекистон, қолгани эса Туркманистонга қарайди.

Ўрта асрларда Сариқамиш атрофида ҳаёт қайнаган – одамлар яшайдиган манзилгоҳлар кўпроқ ва нисбатан каттароқ эди, аҳоли деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бугун эса соҳилда балиқчи ва овчиларнинг камсонли муваққат чайлалари ва ертўла-уйларини кўрасиз, холос. Улар ҳам бу ерда доимий яшамайди.
реклама
реклама
Мўйноқдан Сариқамишгача бўлган 5-6 соатлик масофа давомида (бу ерга тўғридан-тўғри, теп-текис йўл йўқ) чўл ва ундаги қуриб-қовжираб кетган ўсимликларга ўрганиб қолган кўзни ҳар қандай яшиллик бирдан қувонтиради.

Соҳилнинг яқиндагина сув остида бўлгани яққол сезилиб турган қисмида яшилликлар аста-секин бош кўтараётганини кўрасиз. Кўл атрофини ўраб олган, лекин сувнинг ўзидан узоқроқ бўлган ўсимликлар эса, хийла баланд бўлса-да, аллақачон қўнғир тусга кирган.

Қирғоқ манзараси шугина ўтлару балиқчиларнинг қайиқлари билан чекланмайди. Қай бир қисми чиғаноқ қолдиқларига тўла. Яна бир жойда тўлқинлар қирғоққа қаердан келиб қолган саксовул шохларини тинимсиз савалайди.
Сариқамиш одамларсиз гавжум. Уни кўчманчи қушлар салтанати деб ҳам таърифлашади. Оққушлар, сақоқушлар, қошиқбурунлар, ғозлар, ўрдаклар, сўнгги йилларда эса фламинголар унинг доимий ташрифчиларига айланган.

Тўғри, гавжумлик даражаси 30-40 йил аввалгидек эмас. Ҳикоя қилишларича, мўйноқлик икки браконьернинг ҳар бири бир неча минг ғоз, ўрдак, қашқалдоқларни отиб қўлга тушгач, “нега бунча кўп қушни отдиларинг, барибир ҳаммасини еб тугата олмайсанлар-ку”, деб савол берилганида, улар: “Қушлар миллионлаб эди, ўзимизни тўхтата олмай қолдик!”, деб жавоб берган экан.
реклама
реклама
Сариқамиш нафақат қушлар, балки зоғорабалик, лаққа, дўнгпешона, товонбалиқ, мойбалиқ, илонбош каби балиқлар макони ҳам. Балиқлар билан боғлиқ вазият ўзига хос ва бунда кўлнинг Ўзбекистон ҳамда Туркманистон қисмларидаги сувнинг минерализация даражаси аҳамиятга эга.

Кўлнинг Ўзбекистонга тегишли шимолий қисмида тузлилик даражаси нисбатан юқорилиги сабаб бу ерда балиқлар кўпаймайди, чунки увилдириқлар бундай шўр сувда яшаб кетолмайди. Бу шароитда катта (улғайган) балиқларнинг севимли озиқаси ҳисобланган майда қисқичбақалар яхши кўпаяди.

Шу тариқа, балиқлар кўлнинг суви чучукроқ Туркманистон қисмида кўпайиб, каттароқ бўлгач қисқичбақа “тановул қилиш” истагида Ўзбекистон тарафга сузиб ўтади ва шу ерда тўрга тушади: Сариқамиш балиқчилари ҳар йили юзлаб тонна балиқ овлайди.
Сариқамишда фаол ҳордиқнинг бошқа шакллари (масалан, балиқ ови, сафарилар ва ҳоказолар)ни йўлга қўйиш мумкиндек кўринади. Адоғи йўқ сув, қумли соҳилни кўриб, беихтиёр сувга тушгиси келади одамнинг. Манзара беқиёс. Бошланишига энг оддий бирламчи шароитлар, инфратузилма бўлса, бу ерга келган одам ташқи дунёдан узилиб қолмаса, эҳтимол, Сариқамиш ёз кунлари сайёҳлар гавжум бир туристик маконга айланган бўларди.

Фоторепортаж муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Фоторепортаж Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги ва Қорақалпоғистон Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида тайёрланади.
Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон почта манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг