Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистонда аёлларнинг кир ювиш машиналари билан таъминланиши уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигига қандай таъсир қилишини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди.

Қайд этилишича, кир машинасида кир ювиш учун аёллар ўртача 17 дақиқа вақт (кирни саралаб машинага солиш ва ундан сўнг қуриши учун осиш) сарфлайди. Қўлда кийимларни ювиш эса ўртача 1,5 соатдан 2,5 соатгача давом этади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ҳар 100 та уй хўжалигининг 95 тасида кир ювиш машинаси бор. Кир ювиш машиналари билан таъминланганлик кўрсаткичи Сирдарё вилоятида энг паст — 83 та, Тошкент шаҳрида эса энг юқори — 128 та.

Агентликнинг уй хўжаликлари сўровида кир ювиш машиналарининг тури (автомат, ярим автомат) ёки қандай мақсадларда фойдаланилиши (қишлоқларда сутдан қаймоқни ажратиш мақсадларида ҳам фойдаланилади) сўралмайди ва шаҳар-қишлоқ кесимида маълумотлар келтирилмайди. Шунинг учун уй хўжаликларининг 100 тадан 96 тасида автомат кир ювиш машинаси бор ва улардан айнан кир ювишда фойдаланилади, дейиш бироз мушкул, дейди мутахассислар.

МҲТИ таҳлилига кўра, уй хўжаликларининг кир ювиш машиналари билан таъминланганлик даражаси 1 фоизга ошиши иқтисодий фаол аёллар сонини 1,9 фоизга ёки 122 минг нафарга оширади.

аёллар, кир ювиш машинаси, мҳти

Инфографика: МҲТИ

«Ўзбекистонлик аёлларнинг иқтисодий фаоллик даражаси бошқа мамлакатлардагига нисбатан паст (43 фоиз). Бунинг асосий сабаби улар кўп вақтини уй ишларига сарфлашидир. Тадқиқот натижаларига кўра, иқтисодиётда банд бўлган ўзбек аёллари уй ишларига кунига 4 соат вақт ажратади. Ўзбек аёлларининг бўш вақти жуда оз эканини исботловчи яна бир кўрсаткич уларнинг фарзандларига кўп вақт ажрата олмаслигидир», — дея ҳисоблайди экспертлар.

Хусусан, 36,8 фоиз аёллар фарзандларига турли хил китобларни ўқиб беришини, 37,4 фоиз аёллар фарзандлари билан ўйинлар ўйнаб, дам олишини билдирган.

«Аёллар, айниқса, қишлоқларда истиқомат қилувчи аёлларнинг кундалик ҳаётда автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланиши бир ҳафтада ўртача 4 соат вақтни тежаш имконини беради. Бу вақтни эса фарзандларнинг таълим-тарбияси учун сарфлаш мумкин. Кир ювиш машиналаридан фойдаланиш сув ва энергия сарфининг камайишига ҳам олиб келади», — дейди мутахассислар.

МҲТИ қишлоқ аёлларининг кир ювиш машиналари билан таъминланиши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни билдирди. Бунинг энг асосий механизмларидан бири сифатида эса кир ювиш машиналарини харид қилиш истагида бўлган аёллар учун махсус имтиёзли кредитлар тизимини жорий этиш таклифни илгари сурмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда кир ювиш машинасини харид қилиш учун (истеъмол кредити) кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 25 фоиздан бошланади. Бўлиб бериш тартибида харид қилинганида, таннархидан камида 40 фоиз қимматга тушади.

«Шуларни инобатга олган ҳолда, айнан кир ювиш машинасини харид қилиш истагидаги аёллар учун махсус йиллик фоиз ставкаси Марказий банк томонидан белгиланган молиялаштириш ставкаси миқдорида бўлиши таклиф этилади», — дейилади ҳисоботда.

Аввалроқ Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ўзбек аёлларининг мартабага эришиш имкониятларини таҳлил қилганди. Уларнинг фикрича, ўзбек аёлларидаги иқтисодий фаолликнинг пастлиги уй-рўзғор ишлари билан банд бўлишга боғлиқ. Қолаверса, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39% кам маош олади ва улар 30 ёшда мартабага эриша бошлайди.