Ўзбекистонда май ойида инфляция даражаси 0,5 фоизни ташкил этди. Статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботга кўра, озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматлар бир хилда — 0,5 фоизга қимматлашган. Йиллик инфляция 10,4 фоизгача пасайган (-0,6 фоиз).

Ой давомида нархлар энг кўп соғлиқни сақлаш, ресторан ва меҳмонхона хизматлари секторида ошган. Озиқ-овқат маҳсулотларидан «Сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккаклилар» гуруҳидаги маҳсулотларнинг нархлари пасайиши инфляцияни тутиб турувчи омил бўлган. Бу маҳсулотлар бўйича истеъмол нархлари индекси май ойида 94,6 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ичида апрель ойига нисбатан қуйидагиларнинг нархи энг кўп ошган: балиқ ва денгиз маҳсулотлари (2 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари (1,9 фоиз), мевалар ва ёнғоқлар (2,1 фоиз), шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (1,8 фоиз).

Мева-сабзавот маҳсулотлари ичида ўтган ойга нисбатан лимон (31,5 фоиз), карам (16,1 фоиз), олма (9,2 фоиз), сабзи (3 фоиз), ловия (1,6 фоиз) қимматлаган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида инфляция 0,8 фоизни, 2022 йил декабрига нисбатан 3,3 фоизни, йиллик кўрсаткичда (ўтган йилнинг апрелига нисбатан) 11 фоизни ташкил этганди.