Ёз фасли кириб келиши ва ҳарорат ошиши сабабли Тошкент метрополитенинг ерусти йўналишларида ҳаракат тезлиги пасайиши мумкин. Бу бўйича «Тошкент метрополитени» ДУК огоҳлантириш эълон қилди.

Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши ортидан ерусти темирйўлларининг рельслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат юқорилаб, +70 даражага етиши мумкин.

Темирйўллардан фойдаланиш қоидаларига кўра, рельсларнинг ҳарорати +55 даражадан ошганда, поездлар ҳаракати тезлиги пасайтирилиши, яъни рельсларнинг ҳарорати +60 даражагача бўлганда, поездлар ҳаракати тезлиги 40 км/соатдан, +65 даражагача 25 км/соатдан ошмаслиги, +70 ва ундан юқори даражада эса поездлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.

«Шу сабабли метрополитеннинг Ерусти ҳалқа йўли ва Сергели йўли участкаларида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кузатилган вақтларда поездлар ҳаракати тезлигининг вақтинча чеклови жорий этилади», — дейилади хабарда.

Маълумотга кўра, Тошкент метрополитенида қатнайдиган поездларнинг ўртача меъёрий тезлиги 39 км/соатни, максимал 65 км/соатни ташкил этади.

Бундай чора-тадбирлар ўтган йилларда ҳам кўрилган. Хусусан, Тошкент ерусти метроси ҳалқа йўлида соат 18:00 гача соатига чегараланган тезлик (30−35км/соат)да ҳаракатланиш белгиланган.

Ўтган йилнинг июль ойида ерусти участкаларида рельслар 65 даражагача қизигани сабабли поездлар тезлиги 25 км/соатгача пасайтирилган. Поездлар ҳаракат жадвалини меъёрда сақлаш мақсадида «Чилонзор» йўналишининг ерости йўли қисмида поездлар тезлиги 40 км/соатга туширилган.

Ўзгидрометнинг июнь ойи учун берган дастлабки прогнозига кўра, бу ой меъёрдан 2−3 даража иссиқроқ бўлиши кутилади.