Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда расман 2022 йилда 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган. Бу ҳақда банкнинг мамлакатдаги ваколатхонаси берган маълумотларда сўз боради.

Уч ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга.

Таъкидланишича, ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига эга. Ногиронлиги бор шахсларнинг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди: қишлоқларда 532 минг, шаҳарларда эса 313,3 минг нафар. Бу борада энг юқори кўрсаткич Навоий (3,6 фоиз) ва Сирдарё вилоятларида (3,1 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (2,9 фоиз) кузатилмоқда.

Ўзбекистонда 142,3 минг нафар 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар ва 396,7 минг нафар пенсия ёшига етмаган ногиронлиги бўлган шахслар бор. Ногиронлиги тасдиқланган эркаклар (475,8 минг) сони аёлларга (369,5 минг) нисбатан кўпроқ.

Тадқиқотда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар турли соҳаларда кўплаб қийинчиликларга дуч келиши таъкидлаб ўтилган.

«Ҳукумат вазиятни яхшилаш чораларини кўрмоқда. Жумладан, ҳукумат томонидан 2021 йилда ратификация қилган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабардаю


Февраль ойида Ўзбекистонда 2023 йилдан муҳтож шахсларга замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари бепул берилиши, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиши ва мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киришини кўзда тутувчи президент қарори имзоланган.

Шавкат Мирзиёев 2022 йил декабрь ойида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мурожаат йўллар экан, инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини айтганди. «Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз», — деганди у