Олий Мажлис Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлисида сенаторлар «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқди. Ушбу қонун Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда 2022 йил 25 октябрь куни маъқулланиб Сенатга юборилган. Қуйи палата ушбу қонунни маъқуллар экан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари ўз идораси томонидан давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатлар аниқлангани, бироқ қонунчилик базаси йўқлиги сабабли бундай ҳолатларни бартараф этиш муаммоли эканини таъкидлаганди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси эканини қайд этди.

«Қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар ёпилмоқда, бу йўналишни қонунан тартибга солувчи аниқ механизмлар белгиланмоқда. Манфаатлар тўқнашувининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда, яъни бундай ҳолатда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд ҳукми орқали бекор қилиниши мустаҳкамланмоқда», — деди раис.

«Табиийки, бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва шу орқали умуман коррупцияга қарши кураш жараёнини фаоллаштиришга ҳам ижобий таъсир этади. Зеро, айнан манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади», — деди Танзила Нарбаева.

манфаатлар тўқнашуви, сенат

Сенаторларни ушбу қонун мазмунини билан таништириш учун минбарга чиққан Наримон Умаровнинг таъкидлашича, бир қатор қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлсада, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган. Соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлишига қарамасдан, қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.

Қонун билан манфаатлар тўқнашувининг тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган. Қонун билан унинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда.

Хусусан, қонун давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига, устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Шуниндек, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс ушбу ходимга алоқадор шахс ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда. Давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда.

Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида мустаҳкамланмоқда.

Бундан буён манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли орган бўлиб, соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиради, ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда давлат органи ва бошқа ташкилотлар томонидан тузилган битим, қарор ва бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво киритади.

Қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Эндиликда, манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун давлат органи ходимлари БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача, манфаатлар тўқнашувини тартибга солмаганлиги учун эса мансабдор шахслар БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

«Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми белгиланишига хизмат қилади. Қонуннинг қабул қилиниши натижасида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назоратининг амалга оширилишига, давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўрилишига, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилади», — деди сенатор.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.