Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувда иштирок этиш учун 2 июнь куни амалий ташриф билан Чўлпонота шаҳрида (Қирғизистон) бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Саммитда Шавкат Мирзиёевдан ташқари Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмухаммет Аманнепесов иштирок этади.

«Кун тартибидан Марказий Осиё мамлакатларининг Евроиттифоқ билан конструктив мулоқотини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ўрин олган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «GSP+» тизимидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдони кўпайтириш, инвестиция ва инновация лойиҳалари учун қулай шароит яратиш ва уларни илгари суришга кўмаклашиш, «яшил» энергетикани жорий этиш, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамли ўзаро боғлиқлик, экология, туризм, маданият ва бошқа йўналишлардаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари диққат марказида бўлади.

Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги (ҳисоб бўйича биринчи) саммити 2022 йил 27 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий вазият Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги интеграцияни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашини талаб қилишини таъкидлаган. Шунингдек, у ушбу формат доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилганди.