Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«Солиқ юкини камайтириш, турли чеклов ва талабларни бекор қилиш остида фақат рақам ва маблағлар эмас, бунинг замирида юз минглаб фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояси турибди. Яъни бундан буён уларнинг иш стажи ҳисоби юритилади, пенсия ҳисобланади ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари кафолатланади. Бироқ Қонун тўлақонли ишлаб кетиши, юртдошларимизни айтиб ўтилган ижтимоий кафолатлар билан реал қамраб олиниши учун ушбу киритилаётган янгиликлардан аҳоли, айниқса норасмий секторда банд бўлганларнинг хабардорлик даражасини ошириш талаб этилади. Шунингдек, ушбу нормаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича ишлар фақатгина давлат органлари томонидан амалга оширилмаслиги керак. Норасмий секторда банд бўлганларни расмий меҳнат муносабатлари майдонига олиб чиқилишидан давлат ҳам, нодавлат сектори ҳам бирдек манфаатдордир», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун билан Солиқ кодексига ва «Томорқа хўжалиги тўғрисидаги» қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши белгиланмоқда.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда, шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ер участка эгаси ёки унинг оила аъзоларига меҳнат стажи ҳисоблаб чиқарилади. Бунинг учун улар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 1 баравари миқдорида солиқ тўлаб борилади.

Бундан ташқари, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасидан томорқа ер участкаси майдонига камида 0,04 гектар бўлиши кераклиги тўғрисидаги талаб чиқариб ташланмоқда.

Қайд этилишича, қонунни қабул қилиниши натижасида ижтимоий солиқ тўловида қўлланиладиган енгиллаштирувчи норма ҳисобига 2023 йилда 8,2 млрд сўм маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолиши, ёлланма ходимларга берилган енгиллик эвазига ЯТТларнинг ёлланма ходимларининг сони 50 минг нафарга етиши ва бюджетга қўшимча тарзда 21 млрд сўм маблағ тушиши кутилмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Қонун президент томонидан имзоланиши керак.