Сенатнинг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуни муҳокамаси вақтида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов Ўзбекистонда 17 ой давомида аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Бурхоновнинг қайд этишича, агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2021 йил ва 2022 йилнинг 5 ойи давомида бюджет ташкилотлари томонида амалга оширилган 429,3 млрд сўмлик 5805 та давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

2022 йил давомида вилоятларда жами 1625 нафар давлат хизматчилари давлат хизмати билан бирга раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани яъни эҳтимолий манфаатлар тўқнашувга йўл қўйганини агентлик ходимлари томонидан аниқланган.

«Минглаб манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари масофавий мониторинг давомида аниқланган. Яъни очиқ электрон платформалар орқали. Ҳозир шундай тизим қилинганки барча манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини биз очиқ базаларда, вазирлик идоралари сайтларида, давлат харид порталлари ва бошқа порталларда аниқлаймиз. Шунинг учун ҳудудларга бориб манфаатлар тўқнашувини аниқлаш учун ҳудудларга бориб қандайдир ўрганиш ўтказиш, бевосита жисмоний ўрганиш ўтказиш эҳтиёжи мавжуд эмас», — дейди агентлик раҳбар.

Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Қонун давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига, устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Бундан буён манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли орган бўлиб, соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиради, ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда давлат органи ва бошқа ташкилотлар томонидан тузилган битим, қарор ва бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво киритади.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун давлат органи ходимлари БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача, манфаатлар тўқнашувини тартибга солмаганлиги учун эса мансабдор шахслар БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.