1 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида метро поездида нотаниш қизга шилқимлик қилган 2 йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, уларнинг ҳар бири 5 суткага қамалди.

30 май куни тармоқларда ушбу 2001 йилда туғилган йигитларнинг метро поездида нотаниш қизга шилқимлик қилган видеоси тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеода икки йигитдан бири тутқични ушлаб турган қизнинг қўлини босиб туришга ҳаракат қилгани, қиз қўлини олиб қочса ҳам йигит яна ҳаракатда давом этганини кўриш мумкин. Уларнинг иккинчиси эса буни видео тасвирга олиб турган.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi лойиҳасининг ёзишича, улар TikToker`лар бўлиб, бу видеони «пранк» яъни ҳазиломуз тарзда тасвирга олган. Материал тармоққа қўйилиб, кейин ўчириб ташланган.

Мазкур воқеа тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқидга учрагач, блогерлардан бири ҳолат юзасидан узр сўраб чиқди. Яна бири эса Instagram саҳифасидаги барча видеоларни ўчириб ташлади.


ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти богерлар билан билан профилактик суҳбат ўтказди. Уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 прим 1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 46 прим 1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан баённома расмийлаштирилди ҳамда чора кўриш учун суд органларига юборилди. Йигитлар видеони ҳазил тарзида олгани, қилган иши бўйича айбдор эканини айтиб, узр сўради.

Суд ишни кўриб чиқди ва йигитларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, ушбу кодекснинг 32-моддаси (маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар) 4-қисми тартибида уларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.