Ўзгидромет ёзнинг биринчи ойи учун Ўзбекистонда кутилаётган об-ҳавонинг дастлабки прогнозини эълон қилди.

«Деярли ҳар йили аҳоли орасида ва ҳатто баъзи ОАВда яқинлашиб келаётган ёз фасли аномал (ғайритабиий) иссиқ, барча кузатув йиллари учун энг иссиқ бўлади деган маълумотлар пайдо бўлади. Шу билан бирга, баъзи хаёлий ҳарорат қийматлари айтилади, улар одатда бу ҳудуд учун умуман тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бундай маълумотлар одатда ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Метеорология фани бир вақтнинг ўзида бир неча ой олдинги ҳарорат фонини прогноз қила олмайди.

Бу йилда июнь ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг энг бошида ҳаво ҳарорати +34…+37 даража атрофида бўлади. Иккинчи беш кунликда ҳарорат +37…+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +40…+43 даражагача кўтарилади ва бундай ҳарорат иккинчи ўн кунлик бошигача сақланиб туради.

Биринчи ўн кунлик давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар ёғиши мумкин. Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан +36…+39 даража, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида +42 даража атрофида бўлади.

«Умуман олганда, июнь ойи меъёрдан 2−3 даражага илиқроқ бўлади. Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, июнь ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда. Июль ва август ойлари учун об-ҳаво прогнозлари фақат эҳтимоллик шаклида тузилиши мумкин — бу узоқ муддатли прогнозларга энг тўғри ва аниқ ёндашувдир», — дейилади хабарда.

Июль ва август ойларида 60−70 фоиз эҳтимоллик билан ҳарорат фони меъёрдан бироз юқори ва унинг атрофида бўлиши кутилмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, бироқ ҳарорат +40…+42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида +43…+45 даражагача кўтарилиб, жуда иссиқ об-ҳавонинг айрим даврлари ҳам истисно қилинмайди. Бу Ўрта Осиё иқлимининг хусусиятларидан биридир.

Сўнгги йилларда ёз фаслларининг ўртача ҳарорати тез-тез ўртача йиллик қийматлардан ошиб бормоқда. XXI аср бошидан бери фақат 2003 ва 2009 йиллардаги ёз фасллари меъёрдан бироз совуқроқ, бошқа барча ёз фасллари эса меъёр атрофида ва ундан илиқроқ бўлди. 2015 йилдан бошлаб барча ёз фаслларининг ҳарорати меъёрдан юқори бўлди.