2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг электр энергияси, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва кўмир қазиб олиш соҳасида фаолият юритувчи аксарият энергетика компаниялари зарар кўрди. Бу Корпоратив ахборот ягона порталидаги корхоналарнинг молиявий ҳисоботларида акс этди.

«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти (6 та иссиқлик электр станцияси, 3 та электр станцияси ва 3 та хизмат кўрсатиш корхонасини бошқаради) январь-март ойларида 1,6 триллион сўм зарар кўрган, 2022 йилнинг 9 ойида компания 1,24 трлн. сўмни ташкил этади. Зарарларнинг кескин ўсиши «молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар» билан боғлиқ бўлиб, бу 1,19 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг биринчи чорагида 24,5 миллиард сўм фойда олинган.

Январь ойида Central Asia Energy ишончли бошқарувидан чиқарилган Ангрен иссиқлик электр станцияси (ИЭС)нинг зарари 77 миллиард сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (97,1 миллиард сўм) кам.

Янги-Ангрен ИЭС биринчи чоракни 2022 йилнинг уч ойидаги 80,48 миллиард сўмга нисбатан 26,8 миллиард сўм зарар билан якунлади. Ўтган йили зарар миқдори 305,8 миллиард сўмни ташкил этган, 2021 йилда 245,5 миллиард сўм, 2020 йилда 54,9 миллиард сўм зарар кўрилганди.

«Ўзбеккўмир» 2019 йилни 5,4 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган бўлса, 2020 йилда ишончли бошқарувга ўтказилгандан сўнг зарар 79,7 миллиард сўмни, 2021 йилда 183,8 миллиард сўмни ташкил қилди. 2022 йилда компания 20,5 миллиард сўм фойда кўрган бўлса, 2023 йилнинг биринчи чорагида яна 20,37 миллиард сўм зарар кўрилди.

«Газета.uz» аввалроқ Ангрен ва Янги-Ангрен иссиқлик электр станциялари ҳамда «Ўзбеккўмир» АЖ Central Asia Energy ишончли бошқарувига ўтказилгандан сўнг кўп миллиард сўмлик зарар кўргани ҳақида батафсил ёзганди.

Талимаржон ИЭСда, гарчи аввал доим фойдада бўлиб келинган бўлса-да, 16,3 миллиард сўмлик зарар қайд этилди. 2022 йил III чорак якунларига кўра станция 444,7 миллиард сўм фойда олганди. Зарар энергия блокининг узоқ давом этган таъмири билан боғлиқ бўлиши мумкин, бунинг учун президент Шавкат Мирзиёев «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмоновни ишдан бўшатганди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси биринчи чоракда ўтган йилнинг шу давридаги 212,16 миллиард сўмга нисбатан 116,6 миллиард сўм зарар кўрган. Шу билан бирга, 2022 йилда корхона 56,6 миллиард сўм зарар кўрган, 2021 йилда эса 378,5 миллиард сўм фойда олган.

«Ҳудудгазтаъминот» корхоналари ўтган йилнинг биринчи чорагида 247,4 миллиард сўм фойда кўрган бўлса-да, бу йилда 86,5 миллиард сўм зарар кўрган. 2022 йилда 199,9 миллиард сўм, 2021 йилда эса 240,3 миллиард сўм фойда олинган.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси 2021 йилдан буён ҳисоботларни эълон қилмаяпти. 2022 йип биринчи ярим йилликда 3 триллион 360 миллиард сўм фойда олингани маълум қилинганди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика соҳасини либераллаштириш ва бу соҳада бозор шароитларини яратиш масаласи яна кун тартибига қайтиши керак, деб ҳисобламоқда.

«Турли стратегик режалар, улкан шартномалар, ташрифлар, форумлар, саммитлар, кредитлар умуман маънога эга эмас. Агар энергетика тизими бозор рельсларига ўтказилмаса ва энергетика бозори яратилмаса, самарасизлик, мисли кўрилмаган ўғрилик ва зараркунандалик давом этаверади, кўлами ошаверади», — дея огоҳлантирди у.

Ўтган қишда Ўзбекистон кенг кўламли энергетика инқирозига дуч келди, бу эса электр, иссиқлик ва газ таъминотида узилишларга сабаб бўлди. Оқибатда айрим корхона ва фабрикалар ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди, бу эса саноат ишлаб чиқаришининг кескин пасайишига олиб келди. Тошкент аҳолиси исиниш ва овқат пишириш учун ташқарида ўт ёқишга мажбур бўлди.

Энергия инқирозининг асосий сабаби газ тақчиллиги бўлиб, ишлаб чиқариш пасайишда давом этмоқда (электр, кўмир ва иссиқлик энергияси билан бирга). Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Ўзбекистон 35 йил давомида барча нефть ва газ конларини Россияга бергани ҳақидаги маълумотни рад этганди.

Энергия бозорини либераллаштиришга ҳаракат

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида оширилган эди. Энергия ресурслари бўйича нархларни либераллаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ишлари бир неча бор ортга сурилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирган. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида маълум қилганди.

Биз 2022 йил май ойида Ўзбекистонда 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилиши, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергиясини сарфлаши ҳақида ёзгандик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, улар аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, чунки кўпроқ истеъмол қилганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олади, бироқ кейинчалик бу борадаги қарор кейинга қолдирилган.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларига бозор нархларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Март ойи охирида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмагани, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтган.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, деган у.