Май ойида Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархи ошиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 26 январь куни «Газета.uz»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«[Нархларни эркинлаштириш] май ойида кутилмоқда. Бу [инфляция] прогнозига киритилган», — деди у.

Марказий банк аввалроқ Ўзбекистон иқтисодиётини 2025 йилгача ривожлантиришнинг иккита сценарийсини тасдиқлаган эди. Асосий сценарийга кўра, тузилмавий ўзгаришлар ва тартибга солинадиган нархларни бозор нархларига босқичма-босқич мослаштириш ҳисобига фискал консолидация бошланади, иқтисодиётда давлатнинг ролини пасайтириш ва режалаштирилган ислоҳотларни давом эттириш ҳисобига рақобат муҳити яхшиланади, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми юқори суръатларда ўсади.

Беҳзод Ҳамроев нархларни эркинлаштириш асосий сценарий доирасида амалга ошишини кутмоқда.

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган эди. Энергия ресурсларига нархларни эркинлаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бир неча бор қолдирилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирганди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирди. 2020 йил октабр ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифасини қўйганини маълум қилганди.

Май ойида Ўзбекистонда жами 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилишини, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилишини ёзган эдик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

Ўзбекистонда 4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Бироқ, улар аҳолининг умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард кубометр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, бироқ кейинчалик бу борадаги қарорни кейинга қолдирди.

Иқтисодчи олим Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг яна ҳам камбағаллашишига, бойларнинг эса янада бойиб кетишига олиб келмоқда. Миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун фойдалироқ, дейди у.