Янги йилнинг 10 санасидан бери бутун Ўзбекистон қаҳратон қиш синовидан ўтмоқда. Жумладан, энергия таъминотида декабрдан кейин яна инқироз юзага келди. Илгари фақат вилоятларда электр энергия ва газ етказиб беришда узилишлар кузатилган бўлса, бир неча йилдан бери пойтахтликларни ҳам ушбу муаммолар қуршаб олган. Кечалари ҳарорат -20 даражагача тушиб кетмоқда.

Айни изғирин совуқ кунларда Тошкент аҳолиси «свет» ва газсиз қандай кун кечирмоқда? «Газета.uz» Мирзо-Улуғбек туманидаги «Қорасув-6» даҳаси ҳамда Юнусобод тумани 11 даҳасида яшовчи, бир неча кундан бери чироғи ёнмаётган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Аввалроқ Юнусобод туманининг 11 даҳасида жойлашган 26, 27, 29, 30 уйлар шанба куни электр энергиясидан узилгани ҳақида ёзгандик. Якшанба куни соат 17:00 лар атрофида ушбу уйлардан фақат биттаси — 29 уйда «свет» ёнди (Таҳрирланди: 16 январь соат 00:00 ҳолатига кўра, қолган уйларда ҳам электр энергия тикланган). Ушбу уйлар 2 кундан бери исимайди, овқат тайёрлаш эса унданда қийинроқ масала.

газ тақчиллиги, тошкент, электр узилиши, энерго инқироз

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани 11-даҳадаги 27-уй. Сурат 13 январь соат 20:40 да олинган.

«Аранг ёниб турган газда сув иситиб, «баклажка»ларга солиб, кўрпа ичига қўйиб, жон сақлаяпмиз. Болачаларни қалин кийинтириб, кўрпалардан чиқармай ушлаб ўтирибмиз. Овқат қилишни-ку айтмаса ҳам бўлади. Кеча (шанба куни) бу газда бошқа овқат пишмайди деб, шўрва қилмоқчи бўлдик. Ишонасизми, 6 соат деганда зўрға пишди», — деди 27 уйда яшовчи суҳбатдошлардан бири.

Унинг айтишича, якшанба куни эса кўчадан овқат олиб келиб кун кечиришган, кундузи эса исиниб олиш учун кўпчилик қўшнилари MegaPlanet савдо мажмуасига боришяпти.

Айни шу уйда яшовчи бошқа бир аёл қишлоқда яшовчиларга ҳаваси келаётганини айтди: «Чунки уларда ҳар йили [чироқ] ўчиши одат бўлиб қолган. Газнику ўйлашмаса ҳам керак. Шунинг учун қишга тайёргарликни ёзда кўриб қўйишади, ўтин, кўмир ғамлаб, қишда ёқишади. Бизда эса ёқишга на жой, на ўтин бор. Энг ёмони умидвор бўлиш экан. 2 кундан бери ана келар, мана келар деб умид қилиб ўтирибмиз».

Уларнинг қўшимча қилишича, якшанба куни «Боғишамол» маҳалласи раиси уйма-уй юриб, аҳолини яна бир неча кун электр энергияси тикланмаслиги ҳақида огоҳлантириб чиққан.

«Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкент шаҳар филиали 13 январь соат 21:52 да Сергели ҳамда Юнусобод туманларининг айрим жойларида фавқулотда авария ҳолати юзага келганини маълум қилганди. Корхона ўшандан бери муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётгани ҳақида бир неча бор хабар тарқатди. Бу орада уйидан иссиқ ариган юнусободликлар эса ҲЭТнинг туман филиали олдида тўпланиб, корхона ичига киришга урингани ва электр энергияни тиклашни талаб қилгани акс этган видеолар ҳам тарқалди.

газ тақчиллиги, тошкент, электр узилиши, энерго инқироз

«Газета.uz» мухбири якшанба куни соат 19:00 атрофида Мирзо-Улуғбек тумани «Қорасув-6» даҳасида ҳам бўлиб, 11, 12. 13, 14 уйлар олдида ўтин ёқиб, исиниб турган аҳоли билан суҳбатлашди.

Ушбу Янги Авайхон маҳалласида яшовчи фуқароларнинг сўзларига кўра, мазкур кўп қаватли уйларда электр энергияси бир неча кундан бери узилган. Газ эса милтиллаб ёнмоқда, иссиқлик таъминоти (отопления)дан эса дарак йўқ.

газ тақчиллиги, тошкент, электр узилиши, энерго инқироз

«Кеча (шанба куни) 21:00 да ўчиб қолди, шундан бери «свет»сиз ўтирибмиз. Газни боридан йўғи яхши, милтиллаб номига ёниб турибди. Болаларни 7 қават кўрпага ўраб ташлаганмиз. Қўшниларни соғлиги ёмонлашаяпти, кеча «тез ёрдам» келиб олиб кетганлар ҳам бўлди», — деди 11 уйда яшовчи фуқаролардан бири.

Бошқа бир инсон эса уйи кўчадан ҳам совуқроқ эканини айтди. «Кўчада турсак унчалик совқотмаяпмиз. Шундай кунларда шукр қилиб яшашга ўргатаётган мутасаддиларга „мингдан-минг раҳмат!“», — деди у.

»газ

13 уйда эса учинчи кун электр энегияси йўқлиги айтилмоқда. «3 кун бўлди свет ўчганига. Ўшандан бери қорасини кўрсатмаяпти. Газ эса жуда паст ёнаяпти. Болаларимизни 3 қават кўрпаларга ўраб ташладик, ўзимиз эса бор қалин кийимларимизни кийиб ухлаяпмиз», — деди 13 уй аҳолиси вакили.

Улар шунингдек, иссиқлик таъминоти жуда пастлиги учун батареялар ҳаттоки илиқ эмаслигини, сув қувурлари аллақачон музлаган бўлиши мумкинлигини таъкидлашди. Овқат тайёрлаш масаласи эса алоҳида мавзу, кўпчилик емакхоналардан тайёрини олиб келмоқда.

»газ

«Янги Авайхон» маҳалласи вакиллари маълум қилишича, якшанба куни «Ҳудудий электр тармоқлари» Мирзо-Улуғбек туман филиали ходимлари бошқа линия тортишга ҳаракат қилишган. Кечки вақтда ҳам ушбу ишлар давом этаётганди. Бироқ улар чироқ аниқ неча соатдан кейин ёнишини айта олишмади, фақатгина «биз берилган топшириқни бажараяпмиз», дейишди холос.

Сизчи? Сизнинг уйингизда «свет» ва газ борми? Йўқ бўлса уйингизни қандай иситаяпсиз? Жавобни аниқ манзилни кўрсатган ҳолда изоҳларда ёзиб қолдиринг.