Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-март ойларида газ қазиб олиш ҳажми 12,3 миллиард куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 1,3 миллиард куб метрга камайган. Бу Статистика агентлиги эълон қилган маълумотларда акс этган.

Январь ойида 4,31 млрд куб метр (2022 йил январига нисбатан -7,5%), февралда 3,85 млрд куб метр (-9%), март ойида 4,16 млрд куб метр (-12,96%) газ қазиб олинди.

Биринчи чоракда электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга — 19,5 миллиарддан 18,5 миллиард кВт/соатга камайган. Статистик маълумотларга кўра, 2020-йилдан бери биринчи чоракда электр энергияси ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилмаган.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг энг катта пасайиши март ойида (-10,6%) қайд этилган бўлса, январь ва февраль ойларида пасайиш мос равишда 2% ва 2,3% ни ташкил этди.

Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш уч ой давомида 16,5 фоизга (март ойида 36,4 фоизга), кўмир — 14 фоизга, газ конденсати — 9 фоизга камайди. Нефть қазиб олиш 6,7 фоизга ошди.

Шу билан бирга, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023-йилнинг биринчи чорагида саноат ишлаб чиқариши физик ҳажмда 4,1 фоизга ошган, гарчи январь-февраль ойларида 3,9 фоизга камайган бўлса ҳам.

газ, электр энергияси, кўмир

Аввалроқ Ўзбекистон нефть-газ конларида қайси компаниялар ишлаётгани ҳақида батафсил айтилганди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Озодлик радиоси таҳлилига жавобан маълум қилдики, 294 та коннинг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли, 176 тасида хорижий компаниялар ишлайди.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг катта тасдиқланган захиралар «Ўзбекнетфегаз» акциядорлик жамияти томонидан бошқарилади — 934,1 миллиард куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи). «Лукойл» 413,1 миллиард куб метр (22,1 фоиз), «Uz-Kor Gas Chemical» — 109,6 миллиард куб метр (5,9 фоиз), «Surhan Gas Chemical» — 106,6 миллиард куб метр (5,8 фоиз), «Jizzakh Petroleum» (Saneg) — 84,9 миллиард куб метр (4,5 фоиз) газ захиралари бўлган конларда ишламоқда. Ишлаб чиқаришнинг катта қисми ҳам «Ўзбекнефтгаз» ҳиссасига тўғри келди.