Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси нархларини 2023 йилда ошириш режалаштирилмаган. Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.

«Нархлар ошадими йўқми, аниқ айта олмайман. Катта эҳтимол билан ошмайди, Аҳоли (жисмоний шахслар — таҳр.) учун аниқ ошмайди. Лекин бу мазкур масалани муҳокама қилмаяпмиз дегани эмас. Турли вариантларни кўриб чиқяпмиз, жумладан, қандайдир ижтимоий нормалар муҳокама қилиняпти», — деди вазир ўринбосари.

Унинг фикрича, газ ва электр энергиясини кўп истеъмол қиладиган, совуқ қишда уйда футболкада юрадиган бой одамлар бозор нархида тўлаши керак. «Бу адолатдан бўлади», — дея қўшимча қилди Султонов.

«Агар фуқаро ижтимоий рўйхатлардан бирида турса, маоши кам бўлса, икки хонали квартирада яшаса, электр энергияси ва газдан тежамкорлик билан фойдаланса, бундай одамларни рағбатлантириш керак. Бундай тарифлар аксарият мамлакатларда амал қилади. Биз бунга бир кун етиб борамиз», — деди Дилшод Султонов.

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган эди. Энергия ресурсларига нархларни эркинлаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бир неча бор қолдирилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирганди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирди. 2020 йил октабр ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифасини қўйганини маълум қилганди.

Май ойида Ўзбекистонда жами 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилишини, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилишини ёзган эдик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

Ўзбекистонда 4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Бироқ, улар аҳолининг умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард кубометр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, бироқ кейинчалик бу борадаги қарорни кейинга қолдирди.

Иқтисодчи олим Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг яна ҳам камбағаллашишига, бойларнинг эса янада бойиб кетишига олиб келмоқда. Миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун фойдалироқ, дейди у.