Энерготашувчилар нархларини ошириш режаси номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда жума куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, ҳукумат февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди.

«Коронавирус пандемияси туфайли аҳоли даромадларининг пасайиши ва айрим аҳоли қатламлари ишини йўқотиши сабабли энергия нархини ошириш тўғри сиёсат бўлмаслигини раҳбариятимиз англаб етган ҳолда мана шу ислоҳотлар озроқ кечикди», — деди Одилбек Исоқов.

Унинг сўзларига кўра, пандемия бартараф бўлиб, ҳаёт изига қайтганидан кейин бу ислоҳотлар давом этади.

Шунингдек, у Халқаро валюта жамғармаси томонидан Ўзбекистон ҳукуматига 375 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этилишига изоҳ берди. Кредитлаш шартлари ҳақида гапирар экан, вазир ўринбосари жамғарма мамлакатда ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Аввалроқ, ХВФ миссияси Ўзбекистонга давлат корхоналарининг йўқотишларини камайтириш, энергия тежашга эришиш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида нархларни, айниқса энергетика соҳасидаги ўзгаришларни давом эттиришни тавсия қилган эди. Одилбек Исоқов, халқаро ҳамкорлар энергия тарифларини либераллаштиришни кечиктиришга хайрихоҳ эканини таъкидлаб ўтди.