2023 йил январидан Ангрен иссиқлик электр станцияси ишончли бошқарувдан чиқарилган. Бу ҳақда Ангрен шаҳар ҳокимлиги маълум қилди. Маълумотни «Газета.uz»га Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Ангрен ИЭС «Иссиқлик электр станциялари» компанияси таркибига қайтарилган. Айни вақтда «Янги Ангрен ИЭС» ҳозирча ишончли бошқарувда қолмоқда.

Ангрен ИЭС Ўзбекистон ягона энергетика тизимининг бир қисми ҳисобланади. У Ангрен шаҳри ва Тошкент вилоятининг бошқа туманларини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган. Электр станциясининг ўрнатилган қуввати 393 МВт. Станция Ангрен конининг қўнғир кўмирида ишлайди. ИЭС ускунасига 53 МВт, 54 МВт, 68 МВт қувватга эга турбина блоклари, шунингдек, 150 МВт қувватга эга энергия блоки киради.

2020 йил июнида «Газета.uz» «Ангрен ИЭС» АЖ «Янги Ангрен» ИЭС билан биргаликда, шунингдек, «Ўзбеккўмир» АЖ кўмир ва каолин қазиб олувчи корхона Қозоғистоннинг «Горние работи» компанияси томонидан ташкил этилган Central Asia Energy МЧЖ бошқарувига ўтказилгани ҳақида хабар берган эди.

Ангрен ва Янги-Ангрен ИЭСлари Қозоғистоннинг Мининг Wоркс компаниясига ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида 2019 йил июнь ойида ИЭС раиси Руслан Муборакшин маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, станциялар уч йилга ишончли бошқарувга ўтади. Унга кўра, табиий газдан фойдаланишни имкон қадар камайтириш ва кўмир ёқиш улушини ошириш режалаштирилган эди.

2021 йил якуни бўйича Ангрен ИЭС давлат улушига эга бўлган корхоналар орасида зарар кўриш бўйича олтинчи ўринни эгаллади — 87,6 млрд сўм.

Муносабатлар

Молиячи Отабек Бакиров Ангрен ИЭС 2022 йилнинг 9 ойида 111,8 млрд сўм зарар кўрганига эътибор қаратди. Станция ишончли бошқарувга ўтказилгандан буён кўрилган зарарларнинг умумий миқдори 577 млрд сўмга етди. Соф активлар қиймати 117 млрд сўмга камайди. Айни пайтда 2017, 2018, 2019 йилларда ИЭС даромадли бўлган. Янги-Ангрен эса ИЭС 2022 йилнинг 9 ойини 169 млрд сўм зарар билан якунлади. Станция ишончли бошқарувга ўтказилгандан буён тўпланган зарар 875 млрд сўмдан ошди. Соф активлар қиймати минус 440 млрд сўм.

«Яъни жамият ўзининг капиталини еб тугатган. Тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 йил ичида 1,5 трлн сўмлик зарар жамланган. Онгли равишда текинга берса, биров олмадиган даражага олиб келинган. Яна, шундай катастрофа оқибатларга қарамай, давлат бу шоввозларга ишончли бошқарув учун комиссия ҳақи ҳам тўлаган. Тўланган комиссиялар тўғрисидаги ахборот бирон марта очиқланмаган», -деб ёзди Отабек Бакиров.

Иккала иссиқлик электр станцияси ҳам Ўзбекистондаги энг йирик кўмир импортёрлари саналади, аммо кўмир қаердан ва қандай нархда олиб келингани ҳақида жамоатчиликка маълумот йўқ.

«Газета.uz» 2022 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатга 105,8 млн долларга 2,39 млн тонна кўмир етказиб берилгани ҳақида хабар берган эди. Ўртача импорт нархи ҳам 44,1 долларни ташкил этди (2021 йилга нисбатан +15,3%).

Қозоғистондан эса 51,1 млн долларга (тоннасига 39,4 доллар) 1,296 млн тонна импорт қилинди. Қирғизистон етказиб бериш ҳажмини 32,3 млн долларлик (31,2 долларга) 1,03 млн тоннага, Россия эса 21,78 млн долларлик (тоннаси 347,8 доллар) 62,53 минг тоннагача оширди.

Россия кўмири Ўзбекистонга Қозоғистондан 8,8 баробар, Қирғизистон кўмиридан 11,1 баробар қиммат туради.

Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, «давлатга зарар, чўнтакка фойда» схемаси ишончли бошқарувга ўтказилган барча мулкларга нисбатан қўлланилган ва қўлланилаяпти.

«Бу схемалар тўлиқ тафтиш этилиши ва ҳеч қурса, хатоларга бошқа қайтмаслик учун сиёсий баҳо берилиши лозим ва лобуд!», — деди у.

Молиячи Давлат активларини бошқариш агентлигидан маълумотларни ошкор қилишни, прокуратурадан эса иш очишни сўраган.

Блогер Қобил Хидиров (davletov.uz) биринчи навбатда ишончли бошқарувнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хавфсизлиги ва миллий манфаатлар устуворлигини белгилаш, масъулият билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш зарур, деб ҳисоблайди.

«Унгача давлат активлари ишончли бошқарувга берилмаслиги керак. Иккинчидан, ишончли бошқарувга берилган барча давлат активларида тафтиш ўтказилиши, тафтиш натижалари асосида кўрилган зарар қопланиши, сиёсий жавобгарлик бўлиши зарур», — деб ёзади блогер.

Унинг фикрича, ўзини оқламаган ишончли бошқарув ташкилотлари ва уларнинг бенифициарлари бирор давлат активига яқинлаштирилмаслиги, хусусийлаштириш жараёнида қатнашмаслиги, давлат харидларида иштирок этмаслиги керак.

«Газета.uz» Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати билан боғлана олмади. Central Asia Energy кейинроқ қўнғироқ қилишни сўради.