Вазирлар Маҳкамасининг 30 июндаги қарори билан ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2022 йил 15 июлдан кучга кирадиган янги нархлари тасдиқланди.

Электр энергияси

Аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз, яъни — 295 сўм бўлиб қолди.

1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 600 сўмда сотиладиган бўлди.

Табиий газ

Аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли нархи ўзгаришсиз, яъни — 380 сўм бўлиб қолди.

1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1150 сўм, иссиқлик электр станциялари учун — 1000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 1100 сўм этиб белгиланди.

Суюлтирилган газ нархи эса аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни — 1120 сўм миқдорида белгиланиши назарда тутилган.

2023 йил 1 апрелдан кучга кирувчи тарифлар

Шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам белгиланди.

Унга кўра, электр энергияси бўйича тарифлар Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 850 сўм, қолган юридик шахслар учун — 700 сўм этиб белгиланади.

Табиий газ бўйича тарифлар эса иссиқлик электр станциялари учун — 1200 сўм, Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1350 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1350 сўм, қолган юридик шахслар учун — 1350 сўм этиб белгиланади.

2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари келгуси йилларда қайта кўриб чиқилишида инфляция даражасига индексация қилиб борилади. 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланиши таъминланади.

Муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасида аҳоли учун жорий этилиши назарда тутилган «ижтимоий меъёр»нинг жорий қилиниши мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда ва мазкур қарор билан аҳоли учун нархлар ўзгаришсиз қолдирилмоқда.