Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 12 февраль куни журналистлар билан учрашувда «Озодлик» радиосининг «Махфий келишувлар — ўзбекни газсиз қолдирган „валломатлар“ ким?» сарлавҳаси остидаги суриштирувига изоҳ берди (видео), деб хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

«Озодлик» ўз видеосида 2017 йилда «[Россия президенти Владимир] Путиннинг олигархларига 35 йил давомида мамлакатнинг нефть ва газ конлари устидан тўлиқ ва эксклюзив назорат ҳуқуқи берилганини» даъво қилган.

Мақоланинг ўзбекча версиясида айтилишича, Кипрнинг Altmax Holding компанияси «ва унинг Natural Gas-Stream бўйича ҳамкорлари Ўзбекистон ҳукумати билан шартнома имзолаган, унга кўра улар Ўзбекистонда ҳар қандай нефть ва газ лойиҳаларини амалга ошириш учун 35 йилга мутлақ бошқарув ҳуқуқига эга бўлган».

Бундай баёнотга Gas Project Development Central Asia AG (ўша пайтда «Газпром» таркибига кирувчи) ва «Uzneftegazdobycha» (Ўзбекнефтгазга тегишли) билан биргаликда инвесторлар консорциуми таркибига кирувчи Altmax Holding молиявий ҳисоботи матни асос бўлган (2015 йилда Бахтиёр Фазилов томонидан Кипрда яратилган, 2017 йилда Россия шахмат федерацияси президенти ва йирик бизнес эгаси Андрей Филатов компаниянинг 50% улушини сотиб олган).

Ҳужжат кўчирмасида айтилишича, 2017 йилнинг 5 апрелида консорциум Ўзбекистон билан Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони бўйича газ-кимё мажмуаси қурилиши юзасидан 35 йилга битим имзолаган. Инглиз тилидаги матнда эса Gas Project Development Central Asia AG ва «Uzneftegazdobycha» (инвесторлар) Ўзбекистон билан «инвесторларга Ўзбекистондаги барча нефть ва газга нисбатан эксклюзив ҳуқуқлар бериш» тўғрисидаги битимни имзолагани айтилади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон барча газ ва нефтга нисбатан эксклюзив ҳуқуқни Россияга қарашли компанияга 35 йилга берганини рад этди.

«Ёлғон. Бу — мутлақо асоссиз ва нотўғри талқин қилинган маълумот. Барча эксплуатациядаги конларнинг аксарияти „Ўзбекнефтгаз“ АЖга тегишли. Бу ахборот фақатгина „Мустақилликнинг 25 йиллиги“ номли конни ўзлаштириш ва ишлатишга тегишли», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 250 дан ортиқ нефть ва газ кони мавжуд, у — шу конларнинг биттаси.

«Имзоланган битимга асосан, конни ўзлаштиришга оид барча харажатлар давлат кафолати ёки бюджет маблағлари ҳисобидан эмас, тўлиқ инвесторлар ҳисобидан амалга оширяпти. Фойданинг 50 фоизи инвесторга, 50 фоизи давлатга тегишли бўлади. Қонунчиликда ушбу келишув маҳсулотни тақсимлаш битими дейилади. Ҳамкорлар, хорижий инвесторлар билан фақат битта кон бўйича имзоланади», — қайд этди вазир.

Шундан сўнг у битимни журналистларга кўрсатди: «Мана, атай шу битимни олдим. Кўрсангиз, ҳар бир варағи ишчи гуруҳ, инвесторлар, халқаро юристлар жалб қилинган ҳолда тайёрланган. Бу қандайдир бир кечада пайдо бўлган ҳужжат эмас, тизимли, қонунчилик асосида, халқаро нормалар бўйича мажбуриятлар белгиланган келишув».

газ, жўрабек мирзамаҳмудов, россия, энергетика вазирлиги

Битимда инвесторга берилган ҳуқуқ белгиланган муддатда — 35 йил давомида шартномадаги майдонда ишларни амалга ошириши белгиланган. Шартнома ҳудуди — битта кон ва унинг атрофидаги ҳудуд ҳисобланади.

газ, жўрабек мирзамаҳмудов, россия, энергетика вазирлиги

Шартнома узоқ муддатга тузилган, чунки фақат М25 конида (аввалги Гаджак номи билан машҳур) қидирув ишлари камида саккиз йил давом этади, деди вазир. Лойиҳани бошқариш учун Surhan Gas Chemical Operating Company ташкил этилган.

Ўзбекистон томонидан шартномани бош вазирнинг собиқ ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов имзолаган.

Инвестор газ ишлаб чиқариш жараёнини ҳали бошламаган. Айни пайтда инфратузилма яратилиб, йилига 5 миллиард кубометр газ ишлаб чиқариш қувватига эга газни қайта ишлаш заводи барпо этилмоқда.

Жўрабек Мирзамаҳмудов, шунингдек, Ўзбекистон тузган бошқа битимларни ҳам санаб ўтди. 2004 йилда Россиянинг «Лукойл» компанияси билан «Қандим-Хаузак-Шоди» (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга — 2046 йилгача узайтирилган) ва «Жануби-Ғарбий Ҳисор» (2007 йилда кучга кирган ва муддати 36 йил) лойиҳалари бўйича маҳсулотни тақсимлаш битими имзоланган.

Бундан ташқари, «Газпром» билан «Шахпахта» конини (2004 йилда 15 йилга берилган, 2018 йилда 5 йилга узайтирилган) ва «Янги Жел» (2018 йилда 25 йилга имзоланган) бўйича битим имзоланган.

Энергетика вазирининг таъкидлашича, Малайзиянинг Petronas компанияси билан Бойсун инвестицион блоки (ҳозирги М25) ва Устюрт бўйича иккита битим тузилган, бироқ 2014 йилда компания шартномалардан воз кечган.

Битимга қўшимча равишда, қўшма корхоналар доирасида шартномалар тузилиши ёки лойиҳа тўлиқ инвесторга ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистондаги 294 та нефть ва газ конининг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли, 176 таси хорижий компаниялар томонидан бошқарилади. Хорижий компаниялар орасида:

  • Uz-Kor Gas Chemical — 1 (энг йирик Сурғил конларидан бири). Корея газ корпорацияси (KOGAS), Lotte Chemical Corporation ва GSE&R (50%) ҳамда «Ўзбекнефтгаз» (50%)ни ўз ичига олган Корея компаниялари консорциуми томонидан яратилган;
  • «Газпром» — 2;
  • Natural Gas Stream — 10;
  • Saneg (собиқ Jizzakh Petroleum) — 105, катта қисми — нефть;
  • «Лукойл» — 13;
  • «Узмалойл» (Ўзбекистон-Малайзия қўшма корхонаси) — 1;
  • CNPC (Хитой) — 13;
  • Epsilon — 18;
  • «Gissarneftgaz» (Gas Project Development Central Asia билан биргаликда) — 8 та;
  • Surhan Gas Chemical — 1 та;
  • «Andijanpetro» (Россиянинг «Зарубежнефть» билан биргаликда) — 3;
  • Petromaruz (Россия) — 1.

Жўрабек Мирзамаҳмудов рўйхатга олинган компаниялар фаолият юритаётган конларнинг захираларини ошкор қилмади. «Газета.uz» бу бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра маълумотларни эълон қилганди. Хусусан, тасдиқланган захираларнинг энг каттаси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан бошқарилган — 934,1 миллиард куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи). «Лукойл» 413,1 миллиард куб метр газ (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 миллиард куб метр (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 миллиард куб метр (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозир Saneg) — 84,9 миллиард куб метр (4,5%).

Журналистлар вазир билан учрашувда Ўзбекистон расмийлари мамлакат табиий бойликлари билан боғлиқ ҳужжатлар мазмунини ошкор этиши кераклигини билдирди.