«Партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо кўп эмас» — Ўзбекистон адлия вазири

Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқуловнинг айтишича, партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо унчалик кўп эмас. «Агар ҳар 5 ёки 10 минг киши партия очаверса, улар сони қанча бўлади?» — деди у. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса вазирнинг позициясини «тўлиқ авторитар» деб атади.

Ўзбекистонда биринчи автоматлаштирилган ҳожатхона ишга тушди

Тошкентнинг Миробод туманида Ўзбекистонда биринчи автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобча ишга туширилди. Унга киришдан аввал нақд пул ёки QR код орқали тўлов қилинади. Фойдаланиш жараёнида барча қурилмалар инсон омилисиз бошқарилади. Шохобча 24/7 режимида фаолият юритади.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга борди

30 март куни Ўзбекистон президенти ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга борди. Ташриф давомида янги корхоналар ишга туширилиши, ёшлар билан мулоқот қилиш ҳам режалаштирилган.

E-auksion платформаси орқали компаниялар акцияларини сотиш фалокатга олиб келиши мумкин

Молиявий таҳлилчи Карен Срапионов давлат компаниялари акцияларини электрон аукцион платформаси орқали сотиш режалари билан танишиб чиқар экан, бундай қадам оқибатлари Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг бутун жараёни учун ҳалокатга айланиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Фарғонада қиз тушиб кетган аттракцион қўлбола усулда ясалган — Контехназорат

Риштон туманидаги «Ар-Рошидоний» боғидаги 17 ёшли қиз тушиб кетган аттракцион қўлбола усулда ясалгани, техник паспорти йўқлиги маълум бўлди. Қолаверса, статик ва динамик синовлардан ўтказилмаган. Жабрланувчи эса воқеа вақтида ҳимоя занжирини ўз қўли билан бўшатиб юборгани айтилмоқда.

Нукус воқеалари бўйича судланувчиларнинг 22 нафардан 16 таси апелляция берди

Нукус воқеалари бўйича судланган 22 нафар судланувчидан 16 нафари суд қарори устидан апелляция шикояти билан мурожаат қилди. Улар орасида февраль ойи бошида тергов изоляторида вафот этган Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси собиқ бошлиғи Полат Шамшетов ҳам бор.

Самарқанд вилоятидаги парранда фабрикасида портлаш юз берди

Каттақўрғон туманида парранда фабрикасида портлаш содир бўлди. Унинг оқибатида икки киши жароҳат олди.

Самарқандда фуқаро Тожикистондан Ўзбекистонга 19,8 кг гиёҳванд моддани олиб ўтмоқчи бўлди

Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи ўзбек-тожик давлат чегарасидан 1997 йилда туғилган маҳаллий фуқаро Тожикистондан 19 кг 799 гр опий моддасини контрабанда йўли билан олиб ўтаётганида ушланди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.

2022 йилда саноат корхоналаридаги бахтсиз ҳодисаларнинг 28 таси ўлим билан тугади

Саноат хавфсизлиги қўмитаси назоратидаги корхона ва ташкилотларда 2022 йилда 81 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Шулардан 28 тасида ўлим ҳолати қайд этилди. Ҳодисалар 60 фоиздан ортиқ ҳолатда ташкилий сабаб билан боғлиқ, дея изоҳ берилди.

Қорақалпоғистонда Cobalt ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида бир киши вафот этди

Тўрткўл туманида Cobalt ва MAN русумли автотранспортлар ўртасида йўл транспорт ҳодисаси юзага келди. Оқибатда бир фуқаро вафот этди. Ҳолат сабаб суриштирув ишлари бошланган.

Италия компаниялари Ўзбекистонда газ тақсимлаш тизимини модернизация қилишда иштирок этади

«Ҳудудгазтаъминот» компанияси Италиянинг Pietro Fiorentini компанияси билан Ўзбекистон газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширади. Лойиҳа Италиянинг экспорт-кредит агентлиги томонидан 200 млн евро миқдорида молиялаштирилади.

Айрим қишлоқ хўжалиги техникалари божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади

Президент қарори билан 2023 йил 1 апрелдан тегишли рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари 2025 йилгача божхона тўловларидан ва утилизация йиғимидан озод қилинади.

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар доирасида давлат муассасаларида ишдан бўшатиш вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистонда штатларни қисқартиришни кўзда тутган маъмурий ислоҳотлар доирасида давлат органларида ишдан бўшатиш вақтинча тўхтатилди.

Апрель ойида об-ҳаво қандай бўлади?

Ўзбекистонда апрель ойи қуруқ ва илиқ ҳаво билан бошланади. Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +7…+17 даража, кундузи +20…+32 даража атрофида бўлади. Бироқ бу ойда кучли ёмғирлар ва момақалдироқ ҳам кузатилиши мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган фотожамланма:

Фото: Ҳаёт ҳақида ҳикоя қилувчи қўллар

Қўллар инсоннинг мавқеи ва машаққатларидан ҳикоя қилади. Кафтлардаги чизиғу ёриқлар, доғу чандиқлар кишиларнинг турмуши, касб-коридан дарак беради. «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам мана шундай қўлларнинг «гапирувчи суратлари»ни бир саҳифага жамлади.