Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Ар-Рошидоний» маданият ва истироҳат боғида 17 ёшли қиз аттракциондан тушиб кетиб, жароҳат олди. Ҳолат видеотасвирларга кўра ўрганилганда, қиз ҳимоя занжирини ўз қўли билан бўшатиб юборгани, қолаверса, «Қароқчилар кемаси» аттракционида тегишли созлаш ишлари бажарилмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, ушбу аттракцион қўлбола усулда ясалган бўлиб, тадбиркор уни 2022 йил июлда ўзбошимчалик билан ўрнатган. Мавжуд талабларга кўра аттракцион махсус ихтисослаштирилган ташкилот томонидан ўрнатилиши лозим.

Шунингдек, аттракционнинг техник паспорти мавжуд эмас, статик ва динамик синовлардан ўтказилмаган, кунлик техник назорат, аттракцион электр жиҳозларини ерга заминлаш ва изоляцияси қаршилигини ўлчаш, ишга тушириш ва созлаш ишлари бажарилмаган.

Аттракционга 2022 йил август ойида мавсум учун махсус лаборатория томонидан металл конструкциясининг мустаҳкамлиги тўғрисида ижобий хулоса берилган бўлсада, шу кунгача ундан тегишли рухсатнома олинмасдан фойдаланилган.

Ҳозирги вақтда фуқаро қизнинг аҳволи қониқарли экани айтилди. Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари текширув ўтказмоқда, дейилади хабарда.