29 март куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида Ўзбекистонда биринчилиги айтилган автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобчанинг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.

Туманнинг Локомотив кўчасида жойлашган ушбу шохобча эркаклар, аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган ҳожатхоналар, ювиниш хонаси ҳамда ходимлар учун мўлжалланган хонани ўз ичига олган бўлиб, 24/7 режимида фаолият юритади.

Уни қурган тадбиркор Камолиддин Данабоевнинг сўзларига кўра, бошқа шохобчалардан асосий афзаллиги шохобчанинг автомат режимда ишлаши ва замонавий санитар-гигиеник мосламалар билан жиҳозланганлигидир.

«Шохобчани қуришда Хитой, Беларус, Россия каби хорижий давлатлардан келтирилган замонавий техника воситаларидан фойдаландик. Ҳар бир жараён учун алоҳида вақт белгиланган. Агар, масалан, ҳожатхонага кирган фуқаронинг саломатлигида бирор муаммо юзага келса ёки бошқа сабаб билан узоқ қолиб кетса, сигнал чалинади ва огоҳлантирилади. Шунингдек, аёллар ҳожатхонасида алоҳида автоматик тарзда ишлайдиган савдо бурчаги ташкил этилган. Бунда аёллар фарзандлари учун памперс ва шунга ўхшаш нарсаларни харид қилишлари мумкин», — деди у.

Маданият ва туризм вазирлиги вакили Низомжон Исломовнинг «Газета.uz»га тушунтиришича, ҳожатхонага киришдан аввал нақд пул ёки QR код орқали 5000 сўм тўловни амалга оширишингиз керак бўлади ва шундагина эшик очилади.

«У инсон омилисиз бошқарилади. Яъни, фойдаланиб бўлганингиздан сўнг сувни ўзи туширади, қўлингизни ювиш учун ҳам бирор тугмани босмайсиз, ўзи сув тутади. Қолаверса, бу ерда ювиниш хонаси ҳам бор, унинг нархи 50 минг сўм», — деди вазирлик ходими.

Маълумот ўрнида, бутун республика бўйлаб 2017 йилда жами 200 та санитар-гигиеник шохобча фаолият юритган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 7,5 мингдан ошган. Шулардан 3,9 мингтаси янги қурилган, 3,6 мингтаси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.