24 март, шанба куни Ўзбекистон Президенти раислигида хусусийлаштириш жараёнини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар эълон қилинганди, унда муваффақиятли йирик битимлар ҳақидаги маълумотлар фонида 40 та компаниянинг «халқ IPO»си эълон қилинди.

Мен давлатни компаниялар эгалигидан, айниқса уларни биржа орқали оммавий сотиш ёрдамида максимал даражада чиқариш ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, аммо рўйхатда 40 га яқин компания борлиги мени хавотирга солмоқда. Агар аввалги рўйхатга аксарияти бунга тайёр ва IPO`га умуман муҳтож бўлмаган 21 та компания киритилган бўлса, унда рўйхатни қандай қилиб 40 та компаниягача кенгайтиришга эришилди?

Бугун ижтимоий тармоқларда қўшимча мълумотлар, кейинроқ эса E-auksion платформаси орқали муаллифларнинг компаниялар акцияларини сотиш ҳақидаги ғоясига ойдинлик киритувчи ҳужжат матни эълон қилинди.

Агар мендан бу янгиликка бир сўз билан изоҳ беришни сўрашса, мен ҳеч иккиланмай биргина сўзни айтган бўлардим — «ФАЛОКАТ!»

Мен ушбу таклифларни Ўзбекистон капитал бозори учун ўта салбий, ва ҳатто батамом номақбул, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг бутун жараёнига ва очиқ компанияларни хусусийлаштириш жараёнига зарар этказиши мумкин, деб ҳисоблайман. Чунки улар инфратузилма ва савдони ташкил этишнинг асосий тамойилларига тааллуқлидир, бундан ташқари улар фонд бозори, шунингдек, параллел равишда ишлайдиган «кулранг» лицензиялаштирилмаган биржа платформасини яратади, бу эса мамлакат фонд бозорини ривожлантириш соҳасида ортга ташланган катта қадам бўлади.

Боз устига, ҳужжат қимматли қоғозлар бозори бўйича мутахассислар ҳамжамияти ва «кенг жамоатчилик» билан муҳокама қилинмаганлиги одамни ҳайратга солади. Бундан ташқари, айрим миш-мишларга кўра, ҳатто бозорни тартибга солувчи орган, биржа ва яқинда қабул қилинган қарорга кўра ушбу компанияларнинг акциядори/ҳақиқий бошқарувчиси бўлган Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига ҳам бу ҳақда эълон қилинган пресс-релиздан маълум бўлган.

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги [814-сон] қонунга ҳам худди шу тарзда эълон қилинган ва амалда миноритар инвесторларни АЖда мустақил директорлар номзодини кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи ўзгартишлар халқаро нормалар ва халқаро ташкилотлар тавсияларга зидлиги туфайли мутахассислар ҳамжамияти ҳамда Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертларнинг кескин танқидига учраган эди.

Бундай вазиятда бу каби ҳужжатнинг тайёрланиши билан боғлиқ факт кишини таажжубга солмай қолмайди. Муаллифлар фонд бозорининг фаолияти ва ривожланиши асосларини жуда паст даражада тушунушлари ёки Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошлаб юборилган ислоҳотлар ва сай-ҳаракатларни атайлаб қўпоришга қаратилган деструктив ҳаракатлар мавжудлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.

Бу фуқароларни онлайн идентификация қилиш учун модернизация қилинадиган ва уларга қимматли қоғозларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконини берувчи E-auksion платформаси ёрдамида маҳаллий чакана инвесторларга таклиф этиш орқали давлат улушига эга 40 та компания акцияларини сотишни назарда тутади. Бу жараён «халқ IPOси»деб номланган.

Аслида, бу таклиф «популистик шиор» бўлиб, у ҳеч қандай мантиқий, ҳуқуқий ва техник асосга эга эмас. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорлари билан интеграциялашувига ва фуқароларимизга етакчи корхоналар улушларини сотиб олиш имконларини бериш мақсадида ташкил этилган савдога қўшилишларини таъминлашга қаратилган барча уринишларга зиддир.

Бир нарсани тушуниш жуда муҳим. E-auksion бинолар, мулк, ижара ва ҳоказоларни сотишдаги самарадорлиги ва муваффақиятига қарамай, қимматли қоғозлар бозори қонунчилиги нуқтаи назаридан мутлақ «ҳуқуқий вакуум»да қолмоқда — бунда на савдо майдончасининг ишлаши устидан лицензиялаш назорати, на савдо қоидалари, на эмитентлар учун листинг талаблари, на бозор иштирокчиларини лицензиялаш мавжуд.

Бу салоҳиятли инвесторлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун регуляторга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлмасликлари ва ушбу платформада мавжуд бўлиши мумкин бўлган барча муаммолар ва хатарларни юзма-юз қарши олишга мажбур бўлишларини англатади. Бундай лицензиясиз платформада институционал инвесторлар ўзларининг комплаенс- ва хавф-хатарларни бошқариш тартиб-қоидалари туфайли савдо қила олмайди.

Бу хатарларга кўз юмган тақдирда ҳам, параллел савдо платформасининг яратилиши бозорнинг парчаланишига, шусиз ҳам йўқ даражадаги ликвидликнинг йўқотилишига, нархларни манипуляция қилиш учун имкониятларнинг пайдо бўлишига, инсайдерлик савдосига, қимматли қоғозлар бўйича иккита параллел котировканинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида институционал инвесторлар орасида чалкашликларни келтириб чиқаради (уларнинг маъмурлари ва аудиторлари пастроқ нархдан фойдаланадилар, бундай нархлар эса камроқ тартибга солинадиган ва манипуляция қилинадиган платформада бўлиши эҳтимоли кўпроқ).

Ўзбекистон фонд бозорида сўнгги йилларда амалга оширилган барча ишлар айнан шу муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиб, натижалар унсурлари пайдо бўла бошлагач, уларга E-auksion номли атом бомбасини ташлаш режалаштирилмоқда.

Оддий мантиққа мурожаат қиладиган бўлсак ҳам, акцияларнинг бир қисмини давлат улушидан чиқариб сотиш (дарвоқе, бу SPO, яъни пул сотувчининг чўнтагига тушганидан кейин мавжуд акцияларнинг иккиламчи савдоси) деб аталади. Айнан ўша компанияларнинг IPO/FPO`сини ўтказиш, шу жумладан уларнинг қимматли қоғозларини халқаро биржаларда жойлаштириш ғоясига зид эканлиги яққол кўзга ташланади. Сотувчиларнинг (акциядорнинг бюджетни тўлдириш учун ва компания маблағларини жалб қилиш учун) мотивацияси турлича, муддатлари ва капитал тарихи бир-биридан фарқ қилади, нарх белгилаш тартиби ҳам ўзгача. Буларнинг ҳаммаси барча институционал ва профессионал инвесторларнинг бозоримизни тарк этишига олиб келади.

Агар эртага қоидаларга бўйсунмайдиган бошқа (лицензиясиз) савдо майдончасида худди шу акциялар бўйича битимлар ўзгача ва арзонроқ нархларда қўйилиш хавфи мавжуд бўлса, унда нима учун IPO`да қатнашиш ва барча қоидаларга мувофиқ ташкил этилган бозордан акцияларни сотиб олиш керак?

Бундай шароитда акцияларнинг ҳар қандай оммавий таклифи амалда муваффақиятсизликка, яъни ўрта муддатли нархларнинг пасайишига ва мамлакат оддий фуқароларининг зарар кўришларига ва пулларини йўқотишларига олиб келиши муқаррардир. Бу шунчаки фуқароларнинг ислоҳотлар, хусусийлаштириш, бозорни ривожлантиришга, умуман, давлат томонидан берилган ваъдаларга бўлган ишончини йўққа чиқаради.

Дарвоқе, бу ўринда корпоратив бошқарув ва масъулият масаласига қайтсак: компаниялар устидан назоратни Стратегик ислоҳотлар агентлигига топширган Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимлари нега IPO режалари ҳақида очиқчасига гўё бу содир бўлган ҳодисадек гапираётганлари таажжубланарли, бу инвесторларни янглиштиришдан бошқа нарса эмас. Бундан ташқари, «халқ IPO`си» атамасига нисбатан бундай муносабат жиддий ташвиш уйғотмоқда — ушбу атамадан фойдаланган қўшни мамлакатларда атиги 1−3 та битим (Роснефт, ВТБ, Казатомпром) тузилган, улар узоқ вақт давомида ва профессионал тарзда тайёрланган ва уларнинг деярли барчаси маҳаллий чакана инвесторлар учун муваффақиятсиз якунланган.

Бизлар эса 40 та ана шундай битим ҳақида гапирмоқдамиз. Фикримча, бу давлат улуши мавжуд бўлган АЖлар, шу жумладан, илгари хусусийлаштириш рўйхатида бўлган, давлат улуши 1 фоиздан кам ёки бироз кўпроқ бўлган, лекин жами бир неча ўн ёки юз миллион сўмдан ошмайдиган компаниялар, масалан, «Alskom» АЖ, «Ипак Йўли Банк» АТБ ва бошқалар киритилган рўйхатдан бошқа нарса эмас. Қандай қилиб бундай битимни IPO, боз устига уни «халқ IPO`си» деб аташ мумкин? Бу ушбу атамани шунчаки сўкиниш сўзига ёки истеҳзо объектига айлантиради.

Яна бир мунозарали масала — Е-auksion ва Ягона дастурий таъминот савдо мажмуасининг (ЯДТСМ) техник интеграциялашуви имкониятидир. ЯДТСМни ҳар қандай бошқа нарсалар билан интеграция қилиш жараёни нечоғлик қийин кечаётганини ҳисобга олсак, буни ҳам амалга ошириш шубҳали кўринади.

Яна бир мулоҳаза: «Марказий депозитарий» давлат унитар корхонасининг IPO`си кутилмоқда. Энди тасаввур қилайлик, халқаро санкциялар қўйилган шахслардан бири очиқ савдодаги битим доирасида камида битта акцияни сотиб олади ва ижтимоий тармоқларда «дўстона» давлатга сармоя киритишни бошлаб юборгани ҳақида бонг уриб хабар жойлаштиради. Ўзбекистонда кастодиан-банк сифатида иш бошлаш имкониятини кўриб чиқаётган халқаро банкларнинг, айниқса, бизнинг бозоримизга киришни режалаштираётган (бу масала кўп йиллар давомида муҳокама қилинмоқда ва бу ишга катта куч сарфланган) халқаро клиринг компанияларининг реакциясини тасаввур қиляпман. Афтидан бундай янгиликлардан кейин биз ўнлаб йилларга ушбу ғоя билан видолашишимизга тўғри келади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.