Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатда сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишдаги қийинчиликларга оид (видео) саволларга жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга кўра, партияни рўйхатдан ўтказиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқароларнинг камида 20 минг имзоси бўлиши керак.

Савол берган журналистнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда партияларни рўйхатдан ўтказишга бир неча бор уринишлар бўлган, бироқ улар керакли миқдордаги овозларни тўплай олмаган. Унинг сўзларига кўра, бошқа мамлакатларда талаб қилинадиган овоз миқдори 20 мингтадан кам. У Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олиш учун ушбу талабни қайта кўриб чиқишни режалаштиряптими, деб сўради.

«Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, 20 минг кўп эмас. Бу аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Агар аҳоли 36 миллион киши бўлса, бу 1 фоиздан кам. Бу жуда кам, бу нормал. Бошқа давлатларнинг ҳам тажрибасини ўрганганмиз. Уларда ҳам бизникидан кескин фарқ қилмайди. Тасаввур қилинг, ҳар 5000 ёки 10 000 одам партия очса, қанча партия бўлиб кетади? Сайлов вароғига ҳам етмайди. Шунинг учун бундай тўсиқлар бор», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, партия аҳолининг кўпчилиги манфаатларини, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини кўрсатадиган ташкилот, шунинг учун «бутун дунёда [имзолар] сонига чекловлар мавжуд».

Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Адлия вазирлигига партияни рўйхатдан ўтказиш бўйича сўровлар келиб тушмаган. «Қонунчиликдаги тартиб ва талабларга риоя қилиш керак… 20 минг одамни бирлаштирсин, ҳеч қандай масала йўқ. Уларнинг имзосини тўплаш керак. Имзолар қонуний бўлиши керак», — дейди Акбар Тошқулов.

2021 йил июнь ойида Адлия вазирлиги томонидан имзолар етарли эмаслиги ҳамда сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунлар талаблари бузилгани сабабли «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган эди. Партия ўшанда 9,8 минг имзо йиққан.

Муносабат

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўз муносабатида адлия вазирининг позициясини «тўлиқ авторитар» деб атади.

«Ўзбекистонда, мана ўттиз йилдирки, расман беш партияли, де-факто, бир партияли тизим. Бир партияли дейишимнинг сабаби партиялар ўзаро ҳам курашмайди, ҳукуматни-ку умуман тергай олмайди», — дейди у.

«Ҳар битта сиёсий тизимнинг фундаментал фалсафаси бўлади», — деди эксперт.

«Партияларнинг кўп ва фаол бўлиши — халқ давлатни, парламентни ва ижроия ҳокимиятини бошқаряпти дегани. Партиялар тузиш қийинлаштирилганми, демак, бу ерда энг асосий демократик механизм ишламаяпти. Демократик қоидаги кўра, халқ ўзи истаган партияларни тузади ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзининг ғоя ва дастурларини сайловга қўяди ва овоз ололса, ҳокимиятга айланади», — деб ёзади Камолиддин Раббимов.

У қўшни Қозоғистонда партия очиш учун талаб қилинадиган имзолар сони 20 мингдан 5 мингга қисқартирилганини эслатди. Охирги уч йилда Қозоғистон Адлия вазирлигига янги партияларни рўйхатга олиш учун 18 та ариза келиб тушган. Улардан баъзилари рўйхатдан ўтиб, парламентга кирган.

«Аҳолиси икки баравар кўп бўлган Ўзбекистонда эса ҳаттоки 2016 йилдан кейин ҳам бирон-бир партия лойиҳаси рўйхатдан ўта олмади. Яна ўша 20 минглик барьерни оқлаш кетяпти. Яна жамиятни айблаш ҳам бор… Халқ иродасидан қўрқиш ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Аслида, жамият манфаатларини қондириш орқали ҳам лидерликни сақлаб, мустаҳкамлаб борилса бўларди…», — дейди Камолиддин Раббимов.