Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги штатларни қисқартиришни кўзда тутувчи маъмурий ислоҳот доирасида давлат органларидаги ходимларни қисқартириш тўхтатилганига изоҳ берди.

Юрист Сайдали Мухторалиевнинг маълум қилишича, президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков томонидан маъмурий ислоҳотлар доирасида янги ва қайта ташкил этилган вазирлик ва идоралар ходимларининг меҳнат шартномаларини бекор қилиш жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиши ва шундан келиб чиқиб меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатлари узайтирилиши ҳақида топшириқ берилган.

Вазирлик ҳузуридаги Меҳнат инспекцияси вакили Лазиз Қаршиев юристга мазкур маълумотнинг тўғрилигини тасдиқлади.

Президентнинг 2023 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида янги ташкил этилаётган вазирлик ва идораларга штат жадвалларини тузиш, ишга қабул қилиш тартибини тушунтириш ишларини олиб бориш, ходимлар, меҳнат муносабатларини давом эттириш ва бекор қилиш, шунингдек, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш топширилди.

Бандлик вазирлиги ушбу ислоҳотлар давомида штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш берувчи томонидан ишга жойлаштириш чораларини кўриши белгиланган.

Ҳозирги кунда штат бирликлари қисқартирилган ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган. Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб, огоҳлантириш муддатларини узайтириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисми 1-бандида огоҳлантириш муддати камида икки ой олдин берилиши кераклиги белгиланган. Шунга кўра иш берувчи томонидан ушбу огоҳлантириш муддатини узайтириш қонуний ҳисобланади.

«Бу жараён ходимга огоҳлантириш муддати узайтирилганлиги маълум қилинган хат (хабарнома) тақдим этиш орқали амалга оширилиши тавсия этилади. Белгиланган муддатларда ишга жойлаша олмаган ходимларнинг огоҳлантириш муддатини узайтириш уларга ўзига мақбул иш ўрни топишида имконият яратади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, вазирлик иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларнинг ишдан бўшатилиши тўғри расмийлаширилганлиги, етарли асослар мавжудлиги ва белгиланган тартибга риоя этилганлигини қайта кўриб чиқишни тавсия этди.

Амалдаги Меҳнат Кодексининг 92-моддасига кўра, штатлар сони қисқартирилган иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ушбу талабга риоя этилмаган тақдирда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланади.