2022 йилда Саноат хавфсизлиги қўмитаси назоратидаги корхона ва ташкилотларда 81 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Бу ҳақда 29 март куни АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.

Қайд этилишича, бахтсиз ҳодисалар оқибатида 28 та ҳолат ўлим билан тугаган, 5 таси гуруҳий ва 48 ҳолатда инсонлар турли даражада жароҳатлар олган.

Рўй берган бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари 60 фоиздан ортиқ ҳолатда ташкилий сабаб билан боғлиқ, яъни ишлаб чиқаришда ишларнинг тўғри ташкил этилмагани ва саноат хавфсизлиги соҳасида ходимлар малакасининг етишмаслиги, техник ва технологик жараёнларда ишлаб чиқариш интизомининг пастлиги ҳамда эҳтиётсизлик ёки таваккалчиликка йўл қўйишлар шулар жумласидан.

30 фоиз ҳолатда техник сабаблар, яъни техник жиҳозлар ва қурилмаларнинг носозлиги, уларнинг конструктив янгиланмаслиги, меъёрий ҳужжат ва лойиҳа талабларига риоя этилмаётганлиги, техник қурилмаларга хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйилишидир.

2023 йилнинг ҳозирги вақтига қадар Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси [2023 йил 25 январдаги президент фармони билан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига ўзгартирилди ва Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги таркибига киритилди] ходимлари томонидан назорат остидаги корхона ва ташкилотларда 70 та давлат назорати, 195 та назорат-профилактика тадбири ўтказилди.

Натижада саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ерости бойликларидан фойдаланиш соҳасида 531 қоидабузилиш ҳолати аниқланди. Шу сабабли

  • 1 та корхонада ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди.
  • 28 нафар муҳандис-техник ва раҳбар ходим жаримага тортилди.

Ушбу даврда назорат остидаги корхона ва ташкилотларда умумий 21 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди.