Самарқандда 19,8 кг опий гиёҳвандлик воситасининг контрабандасига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати. Бу ДХХнинг вилоят бошқармаси ҳамда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўтказган тезкор-қидирув тадбирларида маълум бўлди.

Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи ўзбек-тожик давлат чегарасида 1997 йилда туғилган маҳаллий фуқаро Тожикистондан контрабанда йўли билан 19 кг 799 гр опий моддасини олиб ўтаётганида ушланган. Гиёҳванд модда процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ҳозирда фуқарога нисбатан ДХХ вилоят бўйича бошқармаси Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатди.

У билан жиноий алоқада бўлганларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда, дейилади хабарда.