«Ҳудудгазтаъминот» аксиядорлик жамияти Италиянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш ва хорижий тажрибага эга малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича қатор битим ва шартномалар имзолади, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Эришилган келишувларга мувофиқ, «Ҳудудгазтаъминот» томонидан Pietro Fiorentini компанияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш» лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур лойиҳа SACE (Италия) давлат экспорт-кредит агентлиги томонидан 200 миллион евро миқдорида жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, HGT Training ўқув маркази негизида газ соҳаси учун илғор Италия тажрибаси асосида етук муҳандисларни тайёрлаш мактаби ташкил этилади.

газ, италия, модернизация, ҳудудгазтаъминот

Pietro Fiorentini компанияси замонавий газ тартиблаш пунктлари, босим ростлагичлар, филътр ва бошқа компонентларни, Terranova S.R.L компанияси эса газ тартиблаш пунктларини масофадан мониторинг ва назорат қилишга имкон берувчи телеметрия тизими етказиб беради.

Pietro Fiorentini компаниясининг 4 та газ тақсимлаш пунктлари тажриба-синов тариқасида фуқароларнинг энг кўп мурожаатлари келиб тушган Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Каттаҳовуз» маҳалласида жорий этилди. Натижада, ушбу маҳалланинг газ таъминоти тизимини тартибга солиниб, 305 та аҳоли хонадони ҳамда 5 та улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлаш ва реал вақт режимида технологик жараёнларни назорат қилиш имкониятини яратди.

газ, италия, модернизация, ҳудудгазтаъминот

Бундан ташқари, Ўзбекистонда газ тақсимлаш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш билан бир қаторда, замонавий технологиларда иш фаолиятини амалга оширувчи ҳамда газ хўжалиги бошқарувига замонавий тажрибаларни жорий қилишда малакали соҳа муҳандисларини қайта тайёрлаш бошланади.

Ўқув марказ негизида газ соҳаси учун Италия тажрибаси асосида муҳандисларни тайёрлаш мактаби замонавий техника ва анжомлар билан жиҳозланиши ҳамда машғулотларни ўтиш учун хорижий мутахассислар таклиф этилиши кўзда тутилган.

«Ҳудудгазтаъминот» кейинги бир неча йилда 706,5 минг хонадон газ таъминоти тизимини икки босқичлига ўтказиш ва табиий газ истеъмол ҳажми балансини автоматик равишда шакллантириш дастурини амалиётга жорий этишини эслатиб ўтди. Шунингдек, 381,3 километр янги газ тармоқларини қуриш, 452,4 километр мавжуд газ қувурларини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган.

Шу билан бирга, 5,4 мингта газ тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш, шундан 2,8 мингта юқори босимли иншоотларда телеметрия тизимини жорий этиш, газ тақсимлаш тармоқларида — юқори аниқликдаги улътратовушли газ ҳисоблагичларини ўрнатиш белгиланган.

«Газ тақсимлаш тизимининг кенг кўламли янгиланиши маънан эскирган тармоқларни алмаштиришга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида табиий газ етказиб беришда йўқотишларни камайтириш, унинг барча тоифадаги истеъмолчилар ўртасида тенг тақсимланиши, шунингдек реал вақт режимида технологик жараёнлар устидан онлайн назоратни ўрнатишда ўз аксини топади», — дейилади компания хабарида.