Ўзгидромет хизмати агентлиги апрель ойида қандай об-ҳаво кузатилиши бўйича маълумот берди.

2023 йилнинг март ойида ёғингарчилик миқдори одатдагидан кам бўлди. 2022 йилнинг март ойи аномал нам бўлган эди, бу йилнинг март ойи эса нисбатан қуруқ бўлди.

Ўзбекистонда баҳорнинг ўртаси — апрель ойининг ҳарорат фони эса одатда беқарор бўлади. Ушбу фаслда ҳаво тез исиши ҳароратнинг пасайиши, нисбатан салқинлашиши ва совуқ бўлиши қисқа муддатга ўрин алмашиши мумкин. Бу йил апрель ойида ўртача ҳаво ҳарорати меъёр атрофида, баъзи жойларда ўртача йиллик қийматлардан бироз кўп бўлади. Ёғингарчилик кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ой қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1 апрель куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли бўлади, кундузги ҳарорат март ойининг охирги кунлари каби +22…+27 даража атрофида, яъни меъёрдан +5…+8 даражага юқори бўлади.

2−7 апрель кунлари республика бўйича беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда шамол шиддатли кучайиши билан қисқа муддатли, момақалдироқли ёмғир ёғади. Кўпинча баҳорда бўлгани каби ёмғирнинг ҳудуд бўйича тарқалиши ва жадаллиги ранг-баранг бўлади.

Кундузги ҳаво ҳарорати ёмғир пайтида +5…+7 даражага пасаяди. Ойнинг биринчи ўн кунлиги охирида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда ва ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди.

Ўзгидрометнинг дастлабки прогнозига кўра, апрель ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +7…+12 даражадан +12…+17 даражагача, кундуз кунлари +20…+25 даражадан +27…+32 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

«Шуни унутмангки, баҳорда ва хусусан, апрель ойидаги об-ҳаво баъзан „кутилмаган ҳодисалар“, совуқлар, кучли жала ёмғирлари, момақалдироқ пайтида тез-тез содир бўладиган қасирғалар, дўл олиб келади. Кучли жала ёмғирлар тоғолди ҳудудларда ҳалокатли сел-сув тошқинларига олиб келиши мумкин. Баланд тоғларда ҳали ҳам қор кўчкиси хавфи сақланиб туради», — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихида апрель ойининг хилма-хиллиги кузатилган. Ойлик миқдори меъёрнинг 30−50 фоиздан кўп бўлмаган жуда қуруқ апрель ойлари ҳам кузатилган, шундай апрель ойлари бўлганки, ой учун ёғингарчилик меъёрдан нисбатан кўп бўлган.

Бутун кузатувлар тарихи давомида 1990 йил энг нам йил бўлган, ҳудудларнинг катта қисмида 3 дан 5 гача ойлик меъёри ёққан. Тошкентда 1990 йил апрель ойида тахминан 3 ойлик меъёр ёққан ва 1990 йил 8 апрелда кунлик ёғингарчилик миқдори бўйича мутлақ рекорд ўрнатилган.

«Ўзбекистон аҳолиси, эҳтимол, 2020 йил апрель ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қор ёққанини, ҳатто қишда ҳам камдан-кам ҳолларда содир бўлмаслигини эслай олса керак», — дейилади Ўзгидромет хабарида.