Янги Конституция бўйича референдум 30 апрель куни ўтказилиши кутилмоқда

Қонунчилик палатаси Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини — 30 апрель, якшанба куни ўтказишни маъқуллади. Тегишли қарорни 134 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 2 нафари бетараф қолди, 1 нафари эса овоз бермади. Аввалги референдум бундан 21 йил аввал бўлиб ўтганди.

Конституциявий суд Конституция бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни ўрганишга киришди

Ўзбекистон Конституциявий суди Қонунчилик палатасининг Конституция бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорини кўриб чиқишга киришди. Ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш бўйича йиғилиш 13 март куни бўлиб ўтади. Қонуннинг ўзини кўриб чиқиш ҳақида эса судга мурожаат қилинмаган.

Янги Конституциядан «халқ маънавияти» ҳимояси учун ахборот тарқатишни чекловчи норма чиқариб ташланди

Жамоатчилик эътирозидан сўнг янги Конституция лойиҳасидан «халқ соғлиғи ва маънавиятини» ҳимоя қилиш мақсадида ахборотни тарқатиш чекланиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди. Унинг ўрнига «аҳолининг соғлиғи, ижтимоий ахлоқ» жумлалари киритилди. Бунга фаоллар турлича муносабат билдирди.

Депутатлар янги Конституция бўйича қонунни қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди, кейинчалик у референдумга қўйилади.

Тошкентда аёлларнинг ташқи кўринишини танқид қилган қиз 15 млн сўм жаримага тортилди

Пойтахтда бурқа кийган 20 ёшли талаба қиз хотин-қизларнинг очиқ-сочиқ либосини танқид қилди. ИИВ ўз диний қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериш ёки шахсий ҳаётга аралашиш мумкин эмаслигини эслатиб, қиз 15 млн сўм жаримага тортилганини билдирди.

Россияда жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон фуқароси Украинада вафот этди

Россияда қамоқ жазосини ўтаётган Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи фуқаро Украинада вафот этди. Қайд этилишича, эркак Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушган.

Тошкентдаги айрим кўчалар марафон сабаб вақтинча ёпилади

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган V International Tashkent Marathon оммавий югуриш мусобақаси сабаб қатор кўчалар 11−12 март кунлари вақтинча ёпилади.

Президент давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент тасдиқлаган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси, агентлик, давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимиятлар давлат мулкини бошқаради. Мамлакатнинг ер, ерости бойликлари, ўсимлик, ҳайвонот дунёси, архив ҳужжатлари, маданий мерос объектлари ва муҳофазадаги ҳудудлар хусусийлаштирилмайди.

Нукусдаги портлашда вайроналар остидан олиб чиқилган 5 ёшли қизча вафот этди

Нукус шаҳридаги 4 қаватли уйда газ портлашидан сўнг вайроналар остидан қутқариб олинган 5 ёшли қизча 8 март куни шифохонада вафот этди. Қизчанинг отаси ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида онаси, турмуш ўртоғи ва икки фарзандидан айрилди.

Тошкентдаги тирбандликлардан энг кўп автобус йўловчилари азият чекмоқда — ПМТИ

ПМТИ экспертлари Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабатини ўрганди. Респондентларнинг аксарияти тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар ва нотўғри парковкани асосий сабаблар деб билади. Тирбандликлардан кўпроқ автобус ва микроавтобус йўловчилари азият чекмоқда.

Берлинда «Ўзбекистон археологик хазиналари» кўргазмаси бўлиб ўтади

Май ойида Берлинда «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари: македониялик Искандардан то Кушонлар сулоласигача» кўргазмаси очилади. Унда Ўзбекистоннинг 9 та музейидан 285 та ашё намойиш этилади.

Мартдан бутун Ўзбекистон бўйлаб 5G технологияси жорий этилади

Март ойидан Ўзбекистон бўйлаб 5G технологиясини жорий этиш бошланади. Дастлаб тармоқ билан Тошкент шаҳри тўлақонли, вилоят марказлари эса қисман қамраб олинади. Қолаверса, илк маротаба флагман смартфонлар, жумладан, iPhone эгалари 5G`даги мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистоннинг топ-10 солиқ тўловчиси эълон қилинди. Бюджет даромадларининг учдан бир қисми уларга боғлиқ

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилнинг 10 та энг йирик солиқ тўловчиси номини эълон қилди. Улар бюджетнинг учдан бир қисмини таъминлайди. Давлат бюджети йирик солиқ тўловчиларга қарамлигича қолмоқда. Таққослаш учун: 2018 йилда 20 та компания бюджет тушумининг 34 фоизини тақдим этганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди

Қирғизистон ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича 15 дан ортиқ ҳужжат, жумладан, автомобиль ва тижорат ускуналарини йиғишни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, қўшни мамлакатда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни банк хизматлари билан боғлиқ фирибгарликдан огоҳлантирди

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари мобил иловадан пул ўтказишда ҳисоб рақамидан пул ечиб олиниши ва юқори фоизли кредитлар расмийлаштирилиши каби муаммоларга учрамоқда. Миграция агентлиги фуқаролардан банк хизматларидан фойдаланишда шахсий маълумотларни ҳеч кимга маълум қилмасликни сўради.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Союз»ми ё мустақиллик, тренд доирасида, парламент ислоҳоти. Ўзбекистонда референдумлар неча марта ва нега ўтказилган?

Ўзбекистонда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилиши кутилаётган референдум мамлакат тарихида шу тартибдаги бешинчи умумхалқ овоз бериш жараёни бўлади. «Газета.uz» бунгача 1991 (2 марта), 1995 ва 2002 йилларда ўтказилган референдумлар ҳақида маълумот беради.

Нима кўрамиз? Санъатшунос журналист Иқбол Қўшшаева тавсия қилади

Яхши кино — яхши китобдек. Айни дамда, бири иккинчисига халал бермайди. «Газета.uz» вақтни мазмунли ўтказишга кўмаклашмоқ ниятида «Нима кўрамиз?» лойиҳасини бошлади. Кўрилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган фильмлар ҳақида киноижодкорлар, журналистлар, жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.