Тошкент шаҳрида 2003 йилда туғилган талаба қиз ижтимоий тармоқларда аёлларнинг ташқи кўринишини танқид қилгани учун 15 млн сўм жаримага тортилди. Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, у ўз муносабатини шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда хорижий сайтларнинг биридан олинган материаллар асосида билдирган.

Мазкур шахснинг февраль ойида бурқа кийиб, «Аёллар, эҳтиёт бўлинг» номи остида жойлаган видеолавҳаси тармоқларда кенг тарқалди. Унда аёлларнинг ташқи кўриниши танқидга олинган.

«Очиқ-сочиқ кийиб юрган ва авратларини номаҳрам эркакларга кўрсатиб юрган аёл ва қизларимизга эслатма! Ибн Боз Раҳимуллоҳ дейдилар: Очиқ-сочиқ кийиб юрган ва авратларини номаҳрам эркакларга кўрсатиб юрган аёлнинг либоси Аллоҳнинг унга қилган ғазабидан нишонадир, шунинг учун Аллоҳ таоло одам ва ҳавога ғазаб қилган пайтида уларнинг либосини ечди ва уларнинг авратларини ўзларига кўрсатиб қўйди», — дея таъкидлаган у.

Ушбу ҳолатни ИИВ ўрганиб чиқди ва 2023 йил 2 март куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этди. Суҳбат давомида аниқланишича, фуқаро ҳозирги кунда уй шароитида видеолавҳада кўрсатилган аёллар либосларини (бурқа) тикиш ва сотиш билан шуғулланади.

Вазирлик баёнотига кўра, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига биноан, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингач тайёрланади.

Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.

Шу сабабли қизга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (15 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.