Аввалроқ Ўзбекистон Конституцияси (амалдаги таҳрири)нинг 29-моддасини «ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни халқнинг соғлиғи ва маънавиятини ҳимоя қилиш мақсадида чеклаш» билан тўлдириш таклиф этилаётгани ҳақида ёзгандик. Бу жамоат фаолларининг эътирозларига сабаб бўлганди.

Қонунчилик палатасининг 10 мартдаги мажлисидан сўнг, қуйи палата матбуот котиби, депутат Одилжон Тожиев ушбу таклиф ўзгартирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, юқоридаги жумладан маънавият сўзи олиб ташланди, унинг ўрнини эса «ижтимоий аҳлоқ» тушунчаси эгаллади.

Шундай қилиб, янги моддалар ҳисобига, Конституциянинг 33-моддасига айланган мазкур норма қуйидагича кўринишга келди:

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Депутатнинг келтиришича, мазкур тушунча амалдаги қонунчилигимизда ҳам, халқаро ҳужжатларда ҳам мавжуд. У мисол тариқасида БМТнинг «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакти 19-моддасини келтирган. «Унинг 3-бандида эса давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки ахлоқини (инглиз тилида «public health or morals», рус тилида «здоровья или нравственности населения» сўзлари ишлатилган) ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлганда ушбу ҳуқуқлар қонун билан чекланиши мумкинлиги аниқ ёзиб қўйилган», — деб ёзади қуйи палата вакили.

Муносабатлар

Ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов ушбу ўзгаришдан жуда хурсандлигини маълум қилди.

«Конституциявий норма сифатида „маънавият“ деган жумла киритилишига кескин қарши чиққандим. Очиғини айтаман шу жумлани деб мени анча тушкун кайфият эгаллаганди. Чунки бу сўз эркинлиги, умуман эркинликка жиддий хавф эди. Конституциявий комиссия жамоатчилик эътирозини инобатга олиб „маънавият“ сўзи „ахлоқ“ сўзига алмаштирилибди. Маааазззза!», — деб ёзди у.

«Ахлоқ тушунчаси тушунарли ва ижобий аҳамиятга эгалиги рост. Биз бу сўзни кўпроқ ишлатишимиз керак. Энг катта ахлоқий принципга мисол бу қонунларга итоат, табиатга ҳурмат, шахснинг хуқуқларини ҳурмат қилиш. Жараён бундай ўзгариб кетиши хурсанд қилди», — дея қўшимча қилди блогер.

Тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов бунга муносабат билдирар экан, шундай деди: «Ахлоқ ҳам аниқ таърифи йўқ, ҳамма ҳар хил тушунадиган нарса, лекин, ҳарқалай, халқаро қонунчиликда ва жаҳон тажрибасида бор».

«Лекин «мана реакциямиз таъсир қилди, жамоатчилик назорати ғалаба қозонди» деб маза қилиш (https://t.me/bahodirahmedoff/8561) ўрнига бир нарсани ўйлаб қолдим: кўзимиз тушиб қолган бир сўзни танқид қилдик, ўзгарди. 27 та янги модда 159 та янги норма киритилаётганини (https://t.me/alisherQodir/2075) инобатга олсак, уларни жамоатчилик тугул ҳеч йўқ мутахассислар ўрганиб, фикр айтдими? «Маънавият»га ўхшаган келажакда қатағонларга сабаб ёки тараққиётга, демократияга тўсиқ бўладиган нормалар кириб қолмаяптими?» — дея савол билан юзланди тилшунос.

«Очиғи, тизим яхши ишламайдиган, бир олам ёзилган ва ёзилмаган чеклови бор бизнинг мамлакатда бу каби сиёсий воқеаларга қандай реакция қилишниям билмайди одам. Янги лойиҳани батафсил ўрганиб чиқиб, муҳокама қилиш, эътирозларни айтиш керакми? Таклифлар бериш керакми? Умуман янги конституция керак эмас деб ҳисобласак-чи? Қарши овоз берамизми? Ёки умуман овоз бермай, панада кутиб турган маъқулми? Бу йўллардан қай бири реал натижа беради?» — дейди Эльдар Асанов.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни депутатлар «Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Мазкур ўзгартиришларни тасдиқлаш учун эса янги Конституция умумхалқ референдумига қўйилади, у 30 апрель — якшанба куни бўлиб ўтади.