Баъзида кино кўргинг келадию, лекин нима кўришни билмайсан. Кинодан кўпи борми, лекин бир тавсия бўлсаю, унга ишониб, томошани бошласанг. «Газета.uz» муштарийларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтишига кўмаклашиш ниятида янги — «Нима кўрамиз?» лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида шу саволга кино ижодкорлари, сценарийнавислар, ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, жамоат фаоллари ҳар ҳафта бирма-бир жавоб беради. Мақсад шуки, кино кўрайлик, аммо вақтимиз беҳуда кетмасин.

«Нима кўрамиз?» лойиҳасининг бу галги меҳмони — санъатшунос журналист Иқбол Қўшшаева.

Сўнгги вақтларда кўрилган (асосан янги) фильмлардан тавсиялар

«Левиафан», 2014

Гарчи 2014 йилда ишланган бўлса-да, Андрей Звягинцевнинг «Левиафан» фильми ҳақида гапирмасам бўлмайди. Чунки бу картина бугун ҳар қачонгидан-да долзарб.

«Левиафан» насроний ақидасига кўра илонсифат ёвуз махлуқ, вайронкор куч — Иблис рамзи. Илк кўрганимда уйларнинг «снос»га тушиши ва сўконғич шаҳар мэри бизнинг жамиятимизни ҳам эслатганди. Бу айсбергнинг ҳамма кўрадиган бир учи, холос. Вақт ўтган сари асарнинг бошқа қатламлари чиқиб келяпти. Саккиз йил аввал Госдума минбарида Владимир Жириновский «давлат шунақа нарсаларга ҳам пул ажратадими?!» деб дод-вой қилгани, россиялик бир гуруҳ маданият арбоблари «Левиафан» мисолида кинодаги жаргонларга қарши чиққани, яна қанақангидир тақиқ қарорлари чиқарилганининг моҳиятига етиш учун вақт керак бўлди. Бу Россия халқини огоҳ этувчи бонг экан.

«Левиафан» фильми санъат тилидаги сиёсий манифест эди. Звягинцев маиший ҳаёт фонида авторитар ҳокимият фалсафасини кўрсатиб, инсон изтироби билан жамиятга ўз ташхисини қўя олди. Левиафанга айланиб бўлган ҳокимиятнинг иши фақат вайрон этиш — у Худо номидан гапириб тақдирларни хонавайрон этади, уйларни бузади. Диндорларнинг сиёсат билан тил топишиши кулфатдан бошқа ҳеч нарса эмас!

Уй нима? Уй, бу — Ватан. Фильм қаҳрамони аждодларидан мерос Ватанини ҳимоя қилмоқчи. Ўз қўллари билан қурган шинамгина, чиройли уйини култепага айланишини хоҳламайди. Лекин махлуқни эслатувчи экскаватор «аждар боши» билан бус-бутун уйни «ямлаб ютади». Эгаларини ўз Ватанида тинчгина яшашига йўл қўймайди. Нафақат бино бузилади, бутун бошли оила сочилиб кетади. Ўспирин бола онасини ҳам, отасини ҳам, иссиқ уйини ҳам йўқотди.

Қаранг, асарнинг таг маъносида қанақанги кароматгўйлик яшириниб ётибди. Узоқни кўра оладиган Звягинцев битта оиланинг тақдирида қўшни мамлакат қисматини кўрди. Миллий қобиқдан умуминсоният манфаати томон юксалиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб қилмас экан. Бузилган уй устида проваслав черкови қад ростлади! Фильмнинг финали: машъум овоз остида сув тубида ётган иблис Левиафан секин қўзғала бошлайди. Чунки бу махлуқнинг ҳали қиладиган иши бор!

Анча йиллар олдин бир дўстимдан «Тазарру»даги черковларни бузган шаҳар ҳокими Варлам хавфлими ёки одамларнинг уйини вайрон қилиб, ўша жойда черков қурдирган россиялик мэрми, деб сўраганимда, у шундай деганди: «‘Левиафан'даги мунофиқ ҳукумат Варлам Аравидзедан ҳам тубан, чунки худосиз диндордан ёмони йўқ».

«Халқ хизматчиси» сериали

«Слуга народу», 2015−2019

«Нима учун сиёсатчилар ҳокимият тепасига келиб бир хил хатоларга йўл қўяди, деймиз. Чунки уларнинг ҳаммаси математик. Фақатгина айириш, қўшиш ва ўзлариникини кўпайтиришни билишади, холос. Бори шу!»

Мени кечирасизлар, жамиятнинг кайфияти сабабми ёки руҳиятимдаги тало-тўплар боисми, асосан ижтимоий-сиёсий руҳдаги фильмларни таклиф этяпман. «Халқ хизматчиси» комедиясини собиқ Иттифоқ ҳудудидаги давлатларга пародия дейиш мумкин; коррупцияга ботган давлатларнинг бетига қараб урилган аччиқ қаҳ-қаҳа.

Кимлардир бу фильмни пухта ўйланган жиддий лойиҳа дейди. Бўлиши мумкин. Бироқ ҳақиқат шундаки, биз унда шиддат билан ҳақиқий демократияга интилаётган украин жамиятининг кайфиятини кўрамиз. Қул ўзининг қуллигини англаган дақиқадан бошлаб озод бўлади, деган гап бор-ку.

Авторитар давлат аслида кимларга керак? Халқ ҳайиқадиган сиёсий элита — бир ҳовуч одамнинг манфаати экани, қонун ва қарорлар аслида шу тўданинг ҳимояси учун ишлаши муболағаларсиз сарказм билан олинган. Лойиҳа устида ақлли ва навқирон команда ишлагани сезилиб туради. Воқеаларнинг темпо-ритми ушланган, сериалларга хос эзмалик йўқ. Владимир Зеленский бош қаҳрамонни ниҳоятда табиий ўйнаган. Ўзининг устидан кулиш, ақлли мутойиба совет даврида ишланган украин фильмларида ҳам учрайди.

Ҳаётнинг турган битгани синов, имтиҳон экан. Экран ва саҳнада шонли қаҳрамонларни, ҳатто пайғамбарлар ролини ўйнаб шуҳрат орттирган одам реал вазиятда нархи арзон сарой масхарабози эканини фош этиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аксинча — масхарабоз қиёфасида танилган одам тарихий ҚАҲРАМОН сифатида инсоният қалбига йўл олади.

«Қаҳрамон»

«Ghahreman», 2021

Система, яъни тизим издан чиққан бўлса, қонунлар инсон манфаатига эмас, аксинча унга қарши ишлай бошлайди. Бундай тизим виждонли одамга лўттивоз, жиноятчи мақомини бериши ҳам ҳеч гап эмас. Атрофдагилар фильм қаҳрамони Раҳимга ёрдам бераман дегани сари вазият чигаллашиб кетаверади.

2021 йили Канн кинофестивалининг бош совринига эга чиққан бу фильмида Фарҳодий иккинчи ва учинчи планни биринчи пландан кам ишламайди. Яъни сиз воқелик тасвирланаётган ҳудудни қуруқ декорация деб қабул қилолмайсиз. Узоқдан кўзга ташланган ғира-шира соя ҳам ишлайди, гапиради.

Турмуш бор мушти билан кўринади. Биринчи планда фильм қаҳрамонлари ниманидир гаплашяти, лекин айни чоғда сиз кўзини қўл телефонидан уза олмаётган болаларни ҳам кўрасиз. Замонавий дунёнинг ҳақиқий зиндони бу — интернет ҳибсхонаси. Ижтимоий тармоқлар ҳар бир қадамимиз учун қўйилган тузоқ!

Эрон фильмлари миллионлаб одамларнинг тақдири, орзу-истаклари уч-тўрт арбоб ихтиёрида бўлган тузум ҳақидаги оғир-оғир саволларини дунёга олиб чиқди. Улар ижтимоий кўламга кўтарилган маиший мавзунинг психологик талқинини кўрсатиб бера олди.

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»

«Im Westen nichts Neues», 2022

Эрих Мария Ремаркнинг шу номли асари асосида суратга олинган ушбу картина «Энг яхши фильм» йўналишида 2022 йил учун «Оскар» мукофотига даъвогар сифатида кўрсатилган. Мазкур асар ёзилганига яқинда қарийб 100 йил тўлади, аммо, минг афсуски, ҳамон ЎЗГАРИШ йўқ.

Ёзувчи ҳокимият тепасига фашизм келгач, ватани Германияни тарк этган. Фашистлар сиёсий қарашлари туфайли унинг синглисини қатл этганди ҳатто. Қувғинга учраган ёзувчи, ҳозирги замоннинг машҳур ибораси билан айтадиган бўлсак, ўз даврида ватани учун «хорижий агент» («иноагент») эди. Пропаганда қироли Геббельс ёзувчининг китобларини ёқиб юборишни буюради, 1930 йилда суратга олинган «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ«нинг Германиядаги намойишларини тақиқлайди. Биринчи Жаҳон урушига бағишланган китоб нега, нимаси билан геббельсларнинг қаҳрини келтирган? Бу саволга жавобни 2022 йилда суратга олинган фильмдан изланг.

Эдвард Бергернинг фильмида дин номидан, Ватан номидан гапирадиган тили бийрон демагогиянинг хунук оқибати борича кўрсатилган. Тарғиботчи ва ҳарбийнинг оташин нутқи урушларнинг сценарийлари бир хил бўлишини эслатади; урушлар ва уларнинг «муаллиф»лари ўзини қай ном билан оқламасин, бу асло қаҳрамонлик романтикаси эмас! 1930 йилда ишланган фильмда бадииятга кўп урғу берилган бўлса, 2022 йилгисида натурализм кучли: жангда қатнашиш ҳеч қандай шарафли иш эмаслигини қовжираган жасадлар, ботқоққа ботган майитлар орқали ҳис қиласиз — буларнинг бари шу кунларда юз бераётган воқеликни яна бир бор идрок этишга имкон беради.

Германиялик кино ижодкорлар бу катта ишга 2020 йилда киришган, унинг аксар саҳналари давримизнинг ҳақиқий уруши бошлангунига қадар суратга олиб бўлинганди. Фильм нафақат ижодкор савқи табиийсининг кучлилигидан дарак беради, балки бунда олмон миллатининг инсоният олдидаги узрини, тазаррусини кўриш мумкин. Лекин тазарру тазарруларга уланиб кетадиганга ўхшайди…

Ҳамма кўриши тавсия этиладиган фильмлар учлиги

  1. «Худди ўша Мюнхаузен» (1979). Ҳар гал «замондошлар хотираси»ни ўқиганимда шу фильм ёдга тушади. Сохта обрў олдидаги ожизлик, Шахс ёлғизлиги, ёлғонга мойил жамият ҳақидаги дарди ёруғ фильм. Қизиғи, бу дардни кулиб-кулиб юрагингга олиб кирасан;
  2. «Орзу дарахти» (1979). Бу фильм лой ичидан сеҳрли тош қидираётган, гўзалликни, покликни ўз қўллари билан ўлдирган жаҳолат ва тартибот ҳақида кенг мушоҳадаларга чорлайди;
  3. «Йўл қўшиғи» (1955). Ҳинд муаллифлик фильмининг дурдонаси. Унда «Муҳтожликнинг чўққиси инсонийликнинг интиҳоси» деган ғоя шафқатсиз реализм билан очиб берилади.