9 март куни президент Шавкат Мирзиёев «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонунни [ЎРҚ-821-сонли] имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қонун давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Унга кўра, давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра юзага келади:

  • шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда;
  • мол-мулкни ёки мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек, давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда;
  • суд қарорлари асосида.

Қонунга мувофиқ, айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмайди, жумладан:

  • Ўзбекистон ҳудуди доирасидаги ер, ерости бойликлари, сув омборлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;
  • моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан, хиёбонлар ва ботаника боғлари.

Давлат мулкини бошқариш субъектлари қуйидагилардан иборат:

  • Вазирлар Маҳкамаси;
  • агентлик;
  • махсус ваколатли давлат органлари;
  • давлат муассасалари, шу жумладан, давлат органлари;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади. Давлат мулки реестрини юритиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ва шаклда агентлик томонидан амалга оширилади.

Агентлик ҳар йили 1 августгача давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўтган молия йилидаги фаолияти самарадорлиги тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.