Берлин (Германия)даги Музей ороли ҳудудида 4 май куни «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари: македониялик Искандардан то Кушонлар сулоласигача» кўргазмаси очилади. Экспозиция бир вақтнинг ўзида иккита музейда — Жеймс Симон галереяси ва Нойес музейида (Янги музей) намойиш этилади, деб хабар бермоқда «Газета.uz»га Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг 9 та музейидан юбориладиган 285 та ашёни ўз ичига олган кўргазма 2024 йил 14 январга қадар давом этади.

берлин, Ўзбекистон археологик хазиналари, кўргазма

Кўргазма куратори Манфред Наврот бўлиб, у ўрта асрлар археологи, Берлин давлат музейлари илмий лойиҳалари бўйича бош куратор ҳисобланади. Илмий эксперт эса Жангар Илёсов, у — Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти катта илмий ходими.

Кўргазма эрамиздан аввалги IV асрнинг иккинчи ярмида македониялик Искандар ҳукмронлигидан то милодий IV асрдаги Кушонлар ҳукмронлигининг охиригача бўлган даврни қамраб олувчи археологик топилмалардан иборат. Ўзбекистон музейларидан йиғилган кўплаб экспонатлар илк бор республикадан ташқарида ҳам намойиш этилади.

берлин, Ўзбекистон археологик хазиналари, кўргазма

Нойес музейидаги экспозиция Берлин давлат музейларидаги экспонатларни ўз ичига олади. Кўргазманинг биринчи қисмида македониялик Искандарнинг Грециядан Марказий Осиёга қилган саёҳати ҳақида сўз боради. Музей буюмлари археологик жойларнинг видеоёзувларидан фойдаланган ҳолда медиа-компонент билан тўлдирилади.

Жеймс Саймон галереясида кўргазманинг иккинчи қисми тақдим этилади. Бу қисм Кушонлар салтанатига бағишланган бўлиб, ривожланаётган шаҳар маданияти, динга — зардуштийлик ва буддизмга алоҳида эътибор қаратилгани ҳамда юксак поғонага кўтарилган бадиий ижодни ўзида акс эттиради.

берлин, Ўзбекистон археологик хазиналари, кўргазма

Кўргазмага тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистон музей экспонатлари Лувр музейи ҳамда Тарихдан олдинги давр ва илк тарих музейи (Берлин давлат музейлари)нинг 10 дан ортиқ реставратори томонидан реставрация қилинди. 8 январдан 5 февралгача 43 та музей ашёлари қайта тикланди. Улар орасида қадимий Холчаён қишлоғидан олинган отдаги чавандознинг лойдан ясалган ҳайкали, Далварзинтепа шаҳарчасидаги зодагон ҳайкали, аравадаги маъбуда Митранинг ҳайкалтарошлик композицияси ва бошқалар мавжуд.

берлин, Ўзбекистон археологик хазиналари, кўргазма

Берлиндаги кўргазма очилгач, 2022 йил сентябрь ойида Сурхондарё (Узун Дара, Қўрғонзол, Холчаён, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа, Қадимги Термиз ва Кампиртепа) ва Бухорода суратга олиш ишлари олиб борилган ҳужжатли фильм ҳам тақдим этилади.

Аввалроқ Париждаги Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма якунлангани ҳақида хабар берилган эди. Ноябрь ойида унинг очилишида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон иштирок этганди. Шу вақт оралиғида экспозицияга 260 мингдан ортиқ киши ташриф буюрган.