Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабатини ўрганди.

Қайд этилишича, тирбандликлар жаҳондаги аксарият йирик шаҳарлар учун катта муаммога айланиб улгурган. Inrix маълумотларига кўра, тирбандлик туфайли Лондонда битта ҳайдовчи йилига ўртача 156 соат, Чикагода 155 соат, Парижда 138 соат ортиқча вақт сарфлайди.

Тирбандлик Тошкентда ҳам жиддий муаммо бўлиб, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Тошкент шаҳри ҳудудида жисмоний шахсларга тегишли автомашиналар сони 562,1 мингтани ташкил этган ва доимий яшовчи ҳар 1000 кишига 178 та автомобиль тўғри келган.

Тадқиқот давомида пойтахт аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил этилди. Унда жами 891 киши қатнашган бўлса, уларнинг 60,8 фоизи автомобиль ҳайдовчилари, шунингдек, 10,3 фоизи аёллардир.

Сўров натижаларига кўра, автомобиль бошқармаслигини таъкидлаган иштирокчиларнинг 41,8 фоизи автобус, 27,5 фоизи метро, 24,1 фоизи такси, 1,7 фоизи микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9 фоизи пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1 фоиз) ва ёшлар (36,5 фоиз), шахсий транспортдан эркаклар (33,1 фоиз) фойдаланиши маълум бўлди.

Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74 фоизи тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21 фоизи ўрта даражадаги муаммо ва 5 фоизи бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирди.

«Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9 фоизи, микроавтобус йўловчиларининг 83,3 фоизи тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган», — дейилади ҳисоботда.

Сўровда қатнашганлар қуйидагиларни тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган:

  • 62,2 фоизи тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка;
  • 57,6 фоизи йўллардаги носозликлар;
  • 46,8 фоизи ўқишга қатновчилар;
  • 41,2 фоизи ишга қатновчилар.

Респондентлар биринчи ўринда Кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларни (136 маротаба), Бунёдкор шоҳкўчасидаги чорраҳаларни (106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этди.

Сўров иштирокчиларининг 41,8 фоизи тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини, 39,1 фоизи тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9 фоизи тирбандлик камайишини кутишини айтган.

Билдирилган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўп қаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учрайди.

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарорига асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун табиий газ воситасида ҳаракатланувчи 700 дона автобус ва 300 дона электробус харид қилиш белгиланган. Март ойи якунига қадар Хитойдан 110 дона автобус ва 150 дона электробус етказиб берилиши кутилмоқда.

«Бу саъй-ҳаракат тирбандлик муаммосини ҳал этишда ёрдам бериши билан бир қаторда пойтахтдаги экологик вазият учун ҳам ижобий аҳамиятга эга», — дея ҳисоблайди мутахассислар.