2023 йилнинг март ойидан бошлаб мобил интернет тезлигини ошириш ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологиясини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Бу ҳақда 11 март куни АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзбектелеком» компанияси матбуот хизмати раҳбари Темур Мамажонов маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида мавжуд таянч станциялари модернизация қилиниб, янгилари ўрнатилади. Биринчи босқичда 5G тармоғи билан Тошкент шаҳрини тўлақонли қамраб олиш, шунингдек, республика вилоят марказлари қисман қамраб олиниши таъминланади.

Ишлар якунига этгач, республика бўйлаб 5G технологиясини жорий этишнинг кейинги босқичлари таҳлил қилинади. Бу борада бутун мамлакат бўйлаб 3000 дан ортиқ мавжуд таянч станциясини сўнгги технологиялар бўйича янгилаш, шунингдек, 2000 дан ортиқ янги таянч станциясини қуриш ва ишга тушириш мақсад қилинган.

«Бу Ўзбекистон бўйлаб мобил алоқа сифатини яхшилаш, LTE стандартидаги мобил интернет тезлиги ҳамда унинг қамровини ошириш имконини беради. Мобил алоқа абонентлари бешинчи авлод тезлигида мобил интернетдан бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади. Ўзбекистонда биринчи марта флагман смартфонлар, жумладан, iPhone эгалари 5G технологиясидаги мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», — деди Темур Мамажонов.

Таъкидланишича, 5G алоқаларининг синовдан ўтказилиши 2019 йилда муваффақиятли амалга оширилган. Тармоқ туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида ҳам ишга туширилган.

Компания вакилининг сўзларига кўра, мавжуд таянч станцияларини модернизация қилиш билан боғлиқ ишлар кўрсатилаётган хизматларнинг сифатига қисқа муддатли таъсир ўтказиши мумкин. Компания томонидан расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида техник ишлар олиб бориладиган манзиллар ҳақида мунтазам равишда маълумот тақдим қилиб борилади.