Сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари орасида банк хизматлари билан боғлиқ турли фирибгарликларга дуч келиш ҳолатлари юз бермоқда, дея хабар берди Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати.

Хусусан, қариндошларига пул ўтказиш мақсадида мобил иловадан фойдаланиш жараёнида меҳнат мигранти ҳисоб рақамидан пул ечиб олиш ёки унинг номига юқори фоизли кредитлар расмийлаштириш каби муаммолар учрамоқда.

Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қатор суриштирув ишлари бошланган.

«Шу муносабат билан, юртдошларимиздан банк хизматларидан, хусусан, пул ўтказиш тизимларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишни, шахсий маълумотларни ҳеч кимга маълум қилмасликни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига катта пул эвазига наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш таклиф қилинаётгани маълум бўлганди. Миграция агентлиги фуқароларни норасмий курьерлик хизматларига ишонмасликка, етказиб беришдан олдин маҳсулотни текширишга чақирганди.