Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 30 апрель куни Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш бўйича умумхалқ овоз бериши — референдум ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Бу Ўзбекистонда 1991 йилдан буён ўтказилган бешинчи плебисцит бўлади. «Газета.uz» бунгача ўтказилган тўрт референдум ва уларда кўрилган масалалар ҳақида қисқача маълумот беради.

Референдум ўзи нима?

Бевосита демократиянинг муҳим воситаси ҳисобланган референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шаклидир. Референдумнинг сайловдан асосий фарқи — референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишлар, мамлакат халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирор бир савол қўйилади.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясида «жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши, умумий овозга (референдумга) қўйилиши» қайд этилган. «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунга кўра, «референдум Ўзбекистон қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир».

Конституциянинг 127-моддасига мувофиқ, Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳам «жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари»дан бири ҳисобланади. Референдум тўғрисидаги қонунда таъкидланилишича, Ўзбекистонда референдумларда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлиб, бу қарорлар «бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, […] фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

1991 йил 17 мартдаги референдум

Ўзбекистондаги дастлабки референдум ҳали республика мустақилликка эришмаган даврда ўтказилган. 1991 йил 17 март куни бўлиб ўтган умумхалқ овоз бериши нафақат Ўзбекистон учун, балки у бир қисми бўлган СССР учун ҳам тарихда биринчиси эди. «СССРни сақаб қолиш бўйича умумиттифоқ референдуми» номи билан тарихга кирган мазкур жараёнда сайловчилардан бир саволга «Ҳа» ёки «Йўқ» деб жавоб бериш сўралган:

«Сиз Совет Социалистик Республикалар Иттифоқини ҳар қандай миллатга мансуб инсоннинг ҳуқуқи ва эркинликлари кафолатланган тенг ҳуқуқли суверен республикаларнинг янгиланган федерацияси сифатида сақлаб қолиш зарур деб ҳисоблайсизми?» (фақат Қозоғистонда савол қуйидагича бўлган: «Сиз ССР Иттифоқини Тенг ҳуқуқли суверен давлатлар иттифоқи сифатида сақлаб қолиниши зарур деб ҳисоблайсизми?»).

Референдум ўша вақтда СССР таркибида деб ҳисобланган республикалардан фақат Россия, Беларусь, Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ўтказилган. Латвия, Литва, Эстония, Молдова, Арманистон ва Грузия референдумни ўтказишдан бош тортган. Расмий маълумотларга кўра, СССР аҳолисининг 76,4 фоизи, ўзбекистонликларнинг эса 95,4 фоизи СССРнинг сақлаб қолиниши учун овоз берган.

1991 йил 29 декабрдаги референдум

1991 йил мартида аҳолининг мутлақ кўпчилиги (расмий маълумотлар бўйича) СССР таркибида қолиши учун овоз берганига қарамай, августдаги ГКЧП исёнидан сўнг, 1991 йил 31 августда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинади. 8 декабрь куни Белая Вежа ўрмонида Россия, Украина ва Беларусь томонидан СССРни тугатиш ва Мустақил давлат ҳамдўстлигини тузиш ҳақида шартнома имзоланади. 21 декабрь куни Олмаотадаги президентлар учрашувида Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон МДҲга қўшилгани эълон қилинган. 25 декабрь куни Михаил Горбачёв МДҲ тузилгани муносабати билан СССР президенти лавозимидан кетишини эълон қилган. 26 декабрь куни эса СССР парламентининг юқори палатаси МДҲ тузилгани муносабати билан СССРни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ҳам юридик жиҳатдан, ҳам амалда мустақиллик қўлга киритиб бўлинганига қарамай, 1991 йилнинг 29 декабрь куни «Сиз Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинганини қўллаб-қувватлайсизми?» деган савол билан референдум ўтказилгани ҳозир ғалати кўринади. Аммо Олий Кенгаши бу референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарорни 1991 йилнинг 18 ноябрь куни — СССРнинг тугатилиши ва МДҲнинг тузилиши юз берган декабрдаги воқеалардан аввал қабул қилган эди. Ўзбекистондаги иккинчи референдум мамлакат тарихидаги муқобиллик асосида ўтказилган биринчи умумхалқ президент сайлови билан бир вақтда ўтказилган (президент сайловида Ислом Каримов ишончли ғалабага эришган).

Расмий маълумотларга кўра, мазкур референдумда қатнашган салкам 10 млн ўзбекистонликнинг 98,26 фоизи мустақилликни қўллаб-қувватлаб овоз берган.

1995 йил 26 мартдаги референдум

1993−1995 йиллар — президентларнинг ваколатларини тасдиқлаш ёки муддатини узайтириш бўйича референдумлар трендга чиққан йиллардир. 1993 йил августида Озарбайжонда президент Абулфаз Элчибейга ишонч билдириш бўйича, 1994 йил 15 январда Туркманистонда президент Сапармурот Ниёзовнинг ваколат муддатини 2002 йилгача узайтириш бўйича, 1994 йил 30 январда Қирғизистонда президент Асқар Акаевнинг ваколатларини тасдиқлаш (ишонч билдириш) бўйича (Акаев кейинчалик, 2003 йилда ваколат муддатини 2 йилга узайтириш бўйича референдум ўтказган), 1995 йил 29 апрелда Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоевнинг ваколат муддатини 2000 йил 1 декабргача узайтириш бўйича референдумлар ўтказилган.

Бу орада Ўзбекистонда ҳам Туркманистон ва Қозоғистондаги каби мавзуда референдум ўтказилган. 1991 йил декабрида беш йил муддатга президент этиб сайланган Ислом Каримовнинг ваколатлари 1996 йил декабрида якунига етиши керак эди, аммо «халқнинг кўплаб илтимослари»дан келиб чиқиб Олий Мажлис амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддатини 2000 йилгача узайтириш масаласида референдум ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. 1995 йил 26 март куни бўлиб ўтган референдумда қатнашган 11,24 млн сайловчининг 99,6 фоизи — «рекорд даражада кўпчилик» — Ислом Каримовнинг 2000 йилгача президентлик қилишини ёқлаб, овоз берган. Президент мазкур референдум натижаларини иккинчи муддатга қайта сайланиш деб эътироф этиши ҳақида баёнот берган (бироқ 2000 йилги сайловларда унинг номзоди яна кўрсатилган).

2002 йил 27 январдаги референдум

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига салкам 10 йил давомида референдум ўтказишни талаб қилмайдиган кичик ўзгартишлар киритилган. 2001 йили президент Ислом Каримов Ўзбекистон 250 депутатдан иборат амалдаги бир палатали парламент ўрнига икки палатали Олий Мажлисни жорий этиш вақти келганини таъкидлагач, шу йилнинг 6 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда халқ ноиблари 2002 йилнинг 27 январида умумхалқ овоз беришини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган.

Референдумга иккита масала овозга қўйилган. Биринчиси: «Сиз келгуси чақириқ Ўзбекистон Республикаси парламенти икки палатали қилиб сайланишига розимисиз?»; иккинчиси: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини 5 йилдан 7 йиллик қилиб ўзгартиришга розимисиз?». Референдумда 13,26 млн сайловчининг 91,58 фоизи қатнашган; икки палатали парламент учун сайловда қатнашларнинг 93,65 фоизи, президентлик муддати узайтирилиши учун эса 91,78 фоизи розилик билдириб, овоз берган.

Навбатдаги референдум

2023 йил 30 апрелга тайинланган референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси тўғрисидаги қонун овозга қўйилади. Хабар беришларича, референдум бюллетенида: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?», деб ёзилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловнинг таъкидлашича, янги Конституция эмас, унинг «фақат янги таҳрири» қабул қилинмоқда.

Маълумот учун, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти — умуман олганда, конституция 65 фоизга ўзгармоқда. Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, сенаторлар сонини 100 нафардан 65 нафарга камайтириш, Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш кабилар ўрин олган.