Ҳиндистонда «Док-1 Макс» дорисини ишлаб чиқарган компанияга қарши иш очилди

Ҳиндистонда Ўзбекистондаги болалар ўлимига алоқадор «Док-1 Макс» дори воситасини ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясига қарши иш очилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вафот этган болалар ҳақида ҳисобот бериш сўралди.

ССВ 19-ўлимдан кейингина аҳолини «Док-1 Макс» дорисидан огоҳлантира бошлади

Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дориси оқибатида 19 нафар бола вафот этгандан сўнг ССВ аҳолини оммавий равишда ушбу дорини сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантиришни бошлади. Лекин хабарда дори таркибида заҳарли модда — этиленгликоль борлиги қайд этилмаган.

Болалар ўлими ҳақида хабар берган Самарқанд вилояти болалар тиббиёт маркази бош шифокори ишдан бўшатилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган профессор Маматқул Азизов ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Вилоят ва туман ХТБларни йўқ қилишни истаяпман — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар билан ўтказилган учрашувда вилоят ва туман ХТБларни танқид қилди. «Бу икки ташкилотни йўқ қилишни истаяпман, ўртадаги бошқа поғоналар нимага керак?» — деди президент.

«Шанба-якшанба кунлари невараларимнинг дарслари билан шуғулланаман» — Шавкат Мирзиёев

Президент Халқаро конгресс марказида бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган дарсликлар тақдимоти билан танишгач, ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Давлат раҳбари болаларнинг таълим жараёнида ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш кераклигини таъкидлаб, бунда ўзини шахсий мисол қилиб кўрсатди.

«Янги дарсликларни шундай мукаммал тайёрлаш керакки, кейинчалик бунга яна қайтмайлик» — президент

Шавкат Мирзиёев «Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!» номли замонавий дарсликлар кўргазмаси билан танишди. Президент дарсликларда миллий ғоя, аждодлар мероси ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларининг хавфсизлик ва назорат регламенти тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан таълим муассасалари учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш, уларни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш, шунингдек, матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Бухоро шаҳрида 7 қаватли уй қулаб тушгани рад этилди

Бухоро шаҳрида 7 қаватли уй қулаб тушгани ҳақида хабар тарқалганди. ФВВ ва Қурилиш вазирлиги буни рад этиб, аслида 7-қаватдаги 3 дона бетон плита тушиб кетганини маълум қилди. Бу ҳолатда ҳеч ким жароҳат олмаган.

Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида янги дарсликлар тажриба асосида ўқитилади

Бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги дарсликлар 1 январдан 14 та ҳудудда тажриба асосида ўқитилади. «Кейинги босқичда 5−11-синфлар учун ҳам дарсликлар ишлаб чиқамиз. Ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак», — деди президент.

Ўзбекистонда 2 та ОТМ ректорлари лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Улуғбек Азизов ва Бухоро муҳандислик технология институти ректори Нусратулло Баракаев лавозимидан кетди.

Яна иккита ОТМ раҳбари лавозимидан озод этилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Термиз давлат педагогика институти директори Эшболта Қобулов ва Қарши давлат университетининг Педагогика институти директори Абдуқаҳҳор Ғаниев ўз лавозимидан озод этилди.

Жаҳон тиллари университетининг 0,5 гектар ери давлат захирасига қайтарилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига «соғломлаштириш ва дам олиш маскани» қурилиши учун ажратилган 0,5 гектар ер майдони Тошкент вилояти тасарруфига қайтарилди.

Икки нафар қизни Туркияга фоҳишаликка юбормоқчи бўлган шахс ушланди

Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи аёл икки нафар қизни Туркияга фоҳишалик учун жўнатмоқчи бўлган вақтида Тошкент халқаро аэропортида ИИБ ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрида ноқонуний фаолият кўрсатаётган газ «заправка»лари аниқланди

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Сергели туманларида ноқонуний фаолият олиб бораётган газ қуйиш шохобчаларини аниқлади. Улардан бири кўча ёритиш чироқларини ўчирган ҳолда, бошқа бири эса газ ҳисоблагич параметрларини ўзгартирган ҳолда иш олиб борган.

Қашқадарёда пиёда вафотига сабаб бўлган ЙТҲда ҳайдовчи айбсиз деб топилди

Қарши туманида Lacetti уриб кетиши оқибатида вояга етмаган пиёда вафот этган. Автомомобиль видео камерасидаги тасвир кўриб чиқилгандан сўнг ҳайдовчи айбсиз деб топилган.

Қашқадарёда «Док-1 Макс» сабаб яна бир бола вафот этди

Қашқадарёда яна бир бола «Док-1 Макс» сабаб вафот этди. 1 ёшли болага сироп 5 кун давомида уйида ичириб турилган.

31 декабрь куни Тошкент метрополитени бир соат кўпроқ ишлайди

31 декабрь куни Тошкент метрополитени одатдагидан бир соат кўпроқ ишлайди. 1−2−3 январь кунлари соат 05:00 дан 00:00 гача ҳаракатланади. «Тошшаҳартрансхизмат» пойтахтда 31 декабрь — Янги йил байрами куни автобуслар соат 00:00 гача ҳаракатланишини маълум қилди. Қолаверса, 2 январь куни якшанба кунлари учун тасдиқланган жадвал асосида, 3 январь куни эса шанба кунлари учун тасдиқланган жадвал асосида юради.

Тошкентда вагон устига чиққан 11 ёшли болани 27 минг вольтли ток урди

Тошкент шаҳрида 11 ёшли бола поезд вагони устига чиққач, уни 27 минг вольтли ток урди. Оқибатда танасининг 80 фоизи куйди. Ҳозирда унинг аҳволи стабиль оғир деб баҳоланмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган фоторепортаж:

Фото: Тошкент Янги йил арафасида қандай безатилди?

Тошкент 2023 йилни кутиб олишга тайёр. Безатилган арчалар, ярмаркалар, ранго-ранг чироқларга бурканган дарахтлар, дўкон ва офисларнинг ўзгача безатилгани — байрамона кайфият улашмоқда. «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам шаҳардаги муҳитни ўз камераси объективига муҳрлади.